Украинадаги авиаҳалокатда 25 киши ҳалок бўлди (видео+фото)

Украинадаги авиаҳалокатда 25 киши ҳалок бўлди (видео+фото)

Фото: РИА Новости

25 сентябр, жума куни Ан-26 ҳарбий транспорт самолёти Харков яқинида қулаб тушди. Бортда экипаждан ташқари, Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари Харков университети курсантлари бўлган.

Ҳалокат самолёт қўнишга яқинлашаётганда юз берган.

Давлат фавқулодда хизматининг маълумотларига кўра, самолёт бортида 27 киши бўлган.

 

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексий Даниловнинг таъкидлашича, ҳалокат ўқув парвози пайтида юз берган.

Украина Бош прокуратураси 25 кишининг ўлганлигини, оғир аҳволда бўлган икки кишининг тиббий муассасаларга етказилганлигини хабар қилди. Авиаҳалокат факти бўйича Украина Жиноят кодексининг "Парвозлар қоидаларини бузиш ва уларга тайёргарлик кўриш" моддаси бўйича тергов бошланди.

 

Харков вилояти давлат маъмурияти раҳбари Алексей Кучернинг айтишича, фожиа сабаби самолёт двигателининг носозлиги бўлган. 

Украина Президенти Владимир Зеленский 26 сентабр куни самолёт қулаган жойга етиб боришини маълум қилди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича юқори вакили Жосеп Боррелл ҳалокат муносабати билан Украина раҳбариятига ҳамдардлик билдирди.

Харков вилоятидаги маҳаллий ҳокимият 26 сентябрни авиаҳалокатда ҳалок бўлганлар учун мотам куни деб эълон қилди.