Умрадан дин ишлари бўйича қўмита манфаат кўрмаса, ким манфаат кўради ёхуд холис хизматлар нархи 5 миллион долларми?

Умрадан дин ишлари бўйича қўмита манфаат кўрмаса, ким манфаат кўради ёхуд холис хизматлар нархи 5 миллион долларми?

Шу йилнинг ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқларда қатор сайёҳлик фирмалари томонидан Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича турли рекламалар кўпайиб бораётганини танқид қилган эди. Қўмита ўшанда “айрим эълон қилинаётган “буюртма” мақолаларда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига турлича туҳматлар ёғдирилмоқда“, деб, умра ва ҳаж тадбирларидан иқтисодий манфаат кўрмаслигини таъкидлаган эди.

Шундан сўнг, "Vest Travel"​ сайёрлик фирмаси директори Мансуржон Расулжонов 1100 долларга сифатли Умра зиёратини уюштириш мумкинлигини айтиб, буни иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоб китоб қилиб берди. Ҳамда Умра ва Ҳаждан дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси иқтисодий манфаат кўрмаса, унда ким манфаат кўради?“ деган саволни ўртага ташлади.

Бу орада, 2019 йил 3 декабр куни Дин ишлари бўйича қўмита Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига борган 14 нафар ўзбекистонлик фуқаронинг визаси қалбаки бўлиб чиққани ва Саудия Арабистонидан депортация қилингани ҳақида хабар бериб, “Турли фирибгарлар алдовига учмасдан, ҳукумат томонидан ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли “Умра зиёрати”дан фойдаланишингизни тавсия этамиз!” – деган мурожаат билан чиқди.

Шундан сўнг, бу масалага Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси аралашиб, бу соҳада кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани ва уларни тизимли равишда ҳал қилиш кераклиги айтди.

Туризм қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистонда бу ишни атиги икки ташкилот – Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита биргаликда амалга оширади, хорижда эса умра зиёрати тўлиғича бозор муносабатларига таяниб ташкил этилиши, ўнлаб сайёҳлик фирмалари бу билан шуғулланади. Шунингдек, Туризм қўмитаси умра зиёратидаги турли чекловларни олиб ташлашга, яъни бу тадбирни ташкиллаштириш учун сайёҳлик фирмаларига ҳам рухсат беришга чақирди.

Юқоридаги фикрлардан сўнг эксперт Акмалжон Қосимов халқимиз пешона тери билан топган маблағи эвазига зиёратга келаётган экан, тўлаган маблағларини ҳисобини сўрашга ҳақлари борлигини айтиб, ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

"Куни кеча Диний идора мутасаддилари умра туризми билан шуғулланмоқчи бўлган турфирмаларни танқид қилиб, умра зиёрати рекламага муҳтож эмаслиги, бу борада пул ишлаш нотўғри эканлиги ва унга масъул бўлган Диний идора ХАЛҚИМИЗГА ХОЛИС ХИЗМАТ қилишини билдирди. Бундай иддаолик гаплар ва кинояли даъволарни бу идора биринчи марта айтгани йўқ ва охиргиси ҳам эмас, назаримда.

Яқинда хизмат юзасидан Саудия Арабистонига бордим. У ерга бориб, муқаддас Каъбани зиёрат қилмасдан кета олмасдим. Шунда booking.com сайтидан Макка шаҳридаги “Kiswah Tower Hotel” арзонроқ меҳмонхонасини топдим. Келиб, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси олиб келган ҳамюртларимиз шу меҳмонхонага жойлашганини билдим.

У ерда учратганим сурхондарёлик Камолиддин ака гап орасида “Сигиримни сотиб, 12 миллион 600 минг сўм тўлаб, шартта келавердим. Маза қилиб ибодат қиляпмиз, уч маҳал иссиқ овқат, Ҳарами шарифга ҳар 5 минутда автобус ташкил қилган ташкилотчиларга раҳмат, деди.

12 миллион 600 минг сўм! Бу 1 333 доллар бўлади-ку! Қирғиз ва қозоқ қўшниларимиз 800-900 долларга умра қилишади, деб эшитгандим. Туркияда 600 долларга умра хизмати бор. Малайзия, Индонезия, Покистонни гапирмаса ҳам бўлади...

Демак, халқимизнинг топиш-тутиши юқоридаги давлат фуқароларидан анча-мунча кўп экан-да. Эҳ, менинг соддагина, беғубор ўзбегим-а! Диний идора мутасаддилари “Умра – бу машаққатдир”, “Шароитларга шукр қилинг”, “Бошқа давлатларда бундай юқори савияда ташкиллаштириш йўқ”, дея бонг уравериб, зиёратчиларимизни ҳамма нарсага рози қилиб қўйишганини кўрмайсизми?

Халқимиз текинга эмас, пешона тери билан топган маблағи эвазига зиёратга келаётган экан, тўлаган маблағларини ҳисобини сўрашга ҳақлари борлигини, аслида бу хизматларга нари борса 9 миллион сўмдан ортиқ тўланмаслиги, турнақатор навбатларни диний идора сунъий шакллантираётганини билишармикан?

Диний идорадаги мутасаддилар бу саволларга жавобан, баландпарвоз гаплар билан ўзлари белгилаган нархларни асослаб, қўлимизга бир талай ҳисоб-китоб қоғозларини тутқазишлари тайин.

Мен эса сизларга очиқ бўлган, интернет сайтлари орқали бемалол танишиш мумкин бўлган нархларни келтирмоқчиман. Бемалол ҳисоблаб кўринг.

Madina Zamzam Hotel меҳмонхонасида бир киши учун кунлик тўлов, овқатлари билан 50 доллардан тўғри келади. Демак, Мадина шаҳрида 3 кун турилишини инобатга олсак, харажатлар 150 доллар бўлади. Ундан Макка шаҳрига борилади:

Makkah Kiswah Hotel меҳмонхонасида 2 кишилик хона учун бир кишига кунлик тўлов 13 доллар. Бир марталик овқат 3 доллар, бу кунига 9 доллар дегани. Макка шаҳрида 7 кун бўласиз. Демак, 13х7=91, 9х7=63. Кўриниб турибдики, Макка шаҳрида меҳмонхона ва озиқ-овқат харажатлари 154 долларни ташкил этмоқда. Ҳисоблашни давом эттирамиз яъни автобус, кутиб олиш, шаҳарларни айлантириш, Мадина-Макка трансфери ва кузатиб қўйиш харажатлари 45 кишилик жамоа учун 800 долларни ташкил этади. Бу бир киши учун 18 доллар демакдир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чартерининг авиачипта нархи бир киши учун нари борса 450 доллар, виза ва суғурта харажати 130 доллар, камзул, рўмол ва бошқа диний ибодат кийимлари 20 доллар туради. Шифокор ва элликбошининг харажатларини қоплаш ҳар бир зиёратчи учун 35 долларга тўғри келади. 957 доллар бўлди. Ишонмасангиз қайта ҳисобланг.

Демак, Диний идорамизнинг “холис хизматлари” нархи бир киши учун 376 доллар тураркан-да? Тасаввур қилинг, бир йилда мамлакатимиздан 14 минг киши умра зиёратига боришини ҳисобга олсак, ташкилотчиларимиз ўзларининг “холис хизматлари” орқали ҳар йили 5,2 миллион доллардан ошиқроқ маблағ топар экан.

Бу маблағга 3 та текстиль фабрикаси қуриб, хорижда ишлаб юрган 450 нафар қоракўзни иш билан таъминласа бўлади. Тўғри тушунинг, зиёратнинг пулига демаяпман, устамонлик билан қўшиб қўйилган устама маблағнинг ўзига!

Бу нархлар интернетдан олинган очиқ маълумотлар эканини яна таъкидлайман. Бундан ташқари, ҳар қандай тижорий битимларда “улгуржи” деган тушунча ҳам борки, кўп миқдорда буюртма берилганда доим 10-30 фоизгача чегирмалар берилади.

Яна бир гап. Исми сир бўлиб қолишини сўраган имомлар ростдан ҳам Диний идорага холис хизмат қилиб беришини, хизматлари учун ҳеч қандай ҳақ олмасликларини айтишди. Аслида бутун дунёда ГИД ёки ҳамроҳ ҳақи тўланади.

Ўзбекистонда ГИДнинг бир кунлик ўртача хизмат ҳақи 50 доллар атрофида бўлса, ўн кунда 500 доллар тўланиши керак. Биз юқорида қилган ҳисоб-китобларда 35 долларни айтганда имомлар ва шифокорлар учун хизмат ҳақларини ҳам ҳисоблаган эдик. Бу хизмат учун имомларга ҳақ тўланмас, зиёрат нархи янада арзон бўлиши керакмасмиди? Аксинча, ушбу сумманинг бир қисми ҳам ташкилотчиларнинг “холис хизматлари” орасига “яшириниб” олган. Аслида имомларнинг иши ГИДлик эмас. Балки бизнинг “тожирларимиз” имом билан ГИДнинг фарқига боришмас...

Энди Диний идора мутасаддиларининг кинояли гапларига келсак, албатта турфирмалар пул ишлайди. Аммо, мижознинг кўзларига қараб туради, уларга сифатли хизмат кўрсатишга жон-жаҳди билан интилади ва бунинг учун нари борса 100 доллар ҳақ олади. Такрор айтаман ҲАҚ олади. 375 доллар ортиқча пул олиб, унинг номини “холис хизмат” деб атамайди.

Шу ҳақни олгани учун ҳам мижозлар улардан сифатли хизматни талаб қила олади. “Умра - бу машаққатдир”, деган баҳона ўтмайди. Қолаверса, бу фирмалар шу даромаддан ишчиларга ойлик, давлат учун солиқ тўлайди.

Яқинда Наманган вилояти Уйчи туманига борганимда 83 ёшли Оминахон она билан суҳбатда бўлдим. Ҳасратидан чанг чиқади. “Болам, 16 йилдан буён навбатда тураман. Белбоғ тикиб пул тўплайман. Ҳеч навбатим келай демайди. Устига устак ҳар йили зиёратга етадиган пул тўплайман-у, келаси йилгача тўплаган пулим етмай қолади. Нима эмиш, доллар ошган эмиш, инфляция бўлибди, ахир мен бечора бу номинг ўчгур долларни тушунмасам, дардимни кимга айтишни ҳам билмайман...”.

Энг ачинарлиси мана шундай номаъқул монополия туфайли халқимизнинг маблағи Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардаги хорижий фирмаларга чиқиб кетяпти. Агар дин пешволаримиз дин ниқоби ва хавфсизлик шиори остида монопол “холис хизмат” билан шуғулланишни бас қилиб, тижоратни ҳақиқий тадбиркорларга берса,халқимиз ҳозиргидан анча сифатли ва арзон хизмат олиш имконига эга бўларди.

Бутун дунёда бўлгани каби бизнинг зиёратчиларимизда ҳам танлаш ҳуқуқи бўлиши керак. Бошқа давлатлардаги ҳаво йўллари компаниялари ўрнига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларида Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларидан Макка ва Мадинага рейслар қўйиш лозим. Аминманки, бу қатновлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учун Москва ёки Истанбул йўналишлари каби яхши фойда келтиради...

Дўстлар, бундай аччиқ, аммо очиқ гаплар кўп. Уларни ҳар қандай ғараз ва манфаатлардан холи очиқ кўз, соғлом ақл, пок виждон билан қабул қилиб, хатоларимизни тўғрилашга ҳаракат қилишимиз керак, холос. Бунинг учун қалбимизда ЮРТИМИЗГА, ХАЛҚИМИЗГА, ДИНИМИЗГА самимий муҳаббат бўлиши зарур".

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.