Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Усмонхон Алимов: ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик - ҳар бир инсоннинг шарафли вазифасидир
17.11.2017 09:45,  
19

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов "16 ноябр - халқаро бағрикенглик куни"га бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда "Ислом дини таълимотида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларининг акс этиши" мавзусида нутқ сўзлади.

Тошкентдаги Ислом университетида пайшанба куни ўтказилган Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов ўзбек халқи азалдан бағрикенг ва меҳмодўст бўлиб келганини қайд этди.

"Бизнинг халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмодўст бўлиб келган. Кексаларимиз дуога қўл очганда: "Парвардигор, бизга кенг феъл, кетмас давлат бергин", деган иборани доимо такрорлашади. Улуғларимиз дуосидаги "кенгфеъллик" сўзи айни бағрикенглик маъносини билдиради.

Қадимда Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўю-маракада ҳам кўпмиллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору-ҳамжиҳат бўлиб яшашган. Бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келмоқда", — деб қайд этди ўз нутқи давомида муфтий.

Усмонхон Алимов, шунингдек, яқинда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди, дея Ўзбекистондаги тинчликни таъминлашдаги ишларни эътироф этиб кетганлигини маълум қилди.

"Бундай ахилликнинг асосий сабаби, мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад — Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидадир", — деди муфтий.

Усмонхон Алимов ўз нутқи якунида хулоса ўрнида "Ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъий назар, аввало уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли вазифамиз бўлади", — дея таъкидлади.

Мустақил Ўзбекистон тарихида 20 маротаба ўтказилаётган, бағрикенглик кунига бағишланган юбилей тадбирда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов, Юнесконинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили Ортиқбек Юсупов, Россия президенти ҳузуридаги диний бирлашмалар билан алоқалар бўйича кенгаш аъзоси Олег Гончаров, Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Мильоре Челестино, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити Викентий ва бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этдилар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан