Хакерлар дунё бўйлаб Honda заводлари ишини тўхтатиб қўйди

Хакерлар дунё бўйлаб Honda заводлари ишини тўхтатиб қўйди

Honda компанияси бутун жаҳон бўйлаб машина ишлаб чиқарувчи барча конвейерлари тўхтаб қолганини эълон қилди. Лекин бунга коронавирус пандемияси эмас, балки киберҳужум сабабчи бўлди.

Маълум бўлишича, япон концернининг серверларини бузиб кирган хакерларнинг ҳаракатлари сабабли автомобилсознинг тармоқ инфратузилмаси ишдан чиққан. Марказий серверларга киберҳужум жорий ҳафта бошида уюштирилган. Кейин эса вирус бутун корпоратив тармоқ бўйлаб тарқалиб кетган. Натижада Snake/EKANS номли товламачи дастур ходимларнинг иш компьютерларини блоклаб қўйиб, очиш калити учун тўлов талаб қилинган.

«Honda тармоғига киберҳужум бўлганини компания тасдиқлайди. Шунингдек, айни дамда маълумот сизиб чиқмаганини ҳам тасдиқлашимиз мумкин. Ҳозирда ҳужумнинг таъсирини имкон қадар камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш, савдо ва ишлаб чиқиш соҳаларимизнинг тўлақонли фаолиятини тиклаш бўйича иш олиб бориляпти. Айни пайтда биз мазкур воқеанинг бизнесга таъсири ўта кам бўлишини кўрмоқдамиз», деди Honda вакиллари.

Умумий ҳисобда Honda’нинг ўн битта, шу жумладан АҚШдаги бешта заводи киберҳужум туфайли тўхтаб қолган. Кейинроқ компаниянинг матбуот хизмати Америкадаги конвейерларнинг фаолияти тикланганлигини маълум қилди. Бироқ ҳалиям Туркиядаги автомобил бўлинмаси, Ҳиндистон ва Бразилиядаги мотоцикллар ишлаб чиқарилиши тўхтаб турибди.

 

Honda вакилларининг журналистларга айтишларича, киберҳужум ишлаб чиқаришга таъсир этган бўлса-да, «автомобил брендининг дилерлари ёки мижозларига зиён етмаган».