Яқин Шарқдан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилмоқда​

Яқин Шарқдан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилмоқда​

Ўзбекистон расмийлари Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» операциясининг иккинчисини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги @aviaspotter канали хабар берди.

«Uzbekistan Airways’нинг Boeing 757-23P (борт рақами UK57502) самолёти HY3510 рейси билан Ўзбекистон фуқароларини ИШИД жанговар ҳаракатлар олиб борган ҳудудларидан қайтариш бўйича махсус операцияни бажармоқда. Рейс Бағдоддан амалга оширилмоқда», — дейилади каналда 10 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:34 да қолдирилган хабарда.

Ўзбекистоннинг ваколатли органлари ҳозирча ушбу махсус операция ҳақида расмий ахборот берганича йўқ. Операциянинг тафсилотлари, хусусан, айнан неча нафар ўзбекистонлик Бағдоддан олиб келинаётгани ҳақида аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Суриядан яна 170 киши ва Ироқдан 65 нафар боланинг қайтишини кутаётгани, бу борада Ўзбекистонга «халқаро ташкилотлар ва Яқин Шарқдаги жараёнларда бевосита иштирок этаётган давлатлар ёрдами керак»лигини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон раҳбарияти «Меҳр» инсонпарварлик операциясини илк бор 2019 йил май ойи охирида амалга оширган, ўшанда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Uzbekistan Airways’нинг Сурия пойтахти Дамашқдан амалга оширилган махсус рейси билан Ўзбекистонга олиб келинган эди

336