Samsung Galaxy Note 8 қиммат бўлади, бироқ ...

17.08.2017 | Технологиялар | 3269

Samsung флагманлари — кучли камера технологияси билан пешқадам бўлиб келишган. Компания ҳеч қачон "мегапикселлар раллиси"да курашмаган. Бироқ, унинг ҳар бир янги авлод смартфонидаги камераси такомиллашган бўлади. Galaxy Note 8 ҳали тақдим қилинмасидан туриб, кореялик ишлаб чиқарувчи ундаги қўш сенсорли камера технологиясини кўз-кўз қилишга улгурди, деб ёзмоқда "Terabayt.uz" нашри.

Сўнгги маълумотларга кўра, Samsung Galaxy Note 8 бренд портфолиосидаги илк қўш камерали смартфон бўлади. Бош камера датчикларидан бири кенг бурчак остида суратга олса, иккинчиси — телефото вазифасини бажаради. Бу сенсорларнинг бири 12 Мп, бошқаси 13 Мп сиғимли бўлиб, камера 2 каррали яқинлаштириш функциясига эга. Ҳар иккала датчикда оптик барқарорлаштириш тизими жорий қилинган.

Экспертларнинг фикрича, смартфон камерасининг ҳам аппарат, ҳам дастурий таъминот платформаси илғор бўлади ва юқори сифатли, деталларга бой суратга оладиган навбатдаги кучли гаджет бўлади.

Таҳлилчилар фикрича, фаблет тақдимотидан сўнг Samsung компанияси ўрта нархли қўш сенсорли смартфонларни ҳам ишлаб чиқара бошлайди. 2018 йилда эса ишлаб чиқарувчи тўлиқ қўш сенсорли камерага эга смартфонлар ишлаб чиқара бошлайди.

Ҳозиргача маълум хабарларга кўра, Samsung Galaxy Note 8 экрани "аждодлари"га нисбатан йирик бўлиб — диагонали 6,3 дюймли дисплей билан таъминланади. Galaxy S8 каби, янги гаджет учун Infinity Display экран дизайни танланади ва унинг томонлар нисбати ҳам 18.5:9 ҳажмли, Super AMOLED матрицали экраннинг пикселлар сиғими Quad HD+ (2960 x 1440 белги) бўлади.

Galaxy Note 8 Samsung тарихидаги энг қиммат смартфон бўлади. Унинг баҳоси Кореяда 1000 доллар, Европада 1100 долларни ташкил қилиши кутилмоқда.