Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тарихий фитналар, инқилоблар билан боғлиқ дунёнинг машҳур олти меҳмонхонаси
25.08.2017 11:39,  
76

Ҳар нарсанинг ва ҳар бир кимнинг тарихи мавжуд. Меҳмонхоналарнинг ҳам. Қуйидаги мақолада дунё сиёсий тарихида ўзига хос бир вазифаси билан ном қолдирган меҳмонхоналар ҳақида маълумот берилади. Йўлингиз тушиб, бу тарихий жойларга бориб қолсангиз, сизда ҳамроҳларингизга айтиб беришга арзийдиган қизиқарли ҳикоя бўлиши саёҳатингизни янада мароқли қилади деган умиддамиз.  

1. King David Hotel - Қирол Довуд Меҳмонхонаси. Қуддус, Исроил

Қирол Довуд Меҳмонхонаси 1931 йилда ташкил этилган бўлиб, беш юлдузли меҳмонхоналар тоифасига мансуб. Бу меҳмонхонада ўз даврида Қирол Георг V, AҚШ президенти Ричард Никсон, Билл Клинтон, Барак Обама, Доналд Трамп, Aнглиянинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги бош вазири Уинстон Черчилл, шунингдек, Элизабет Тейлор, Ричард Гир, Мадонна каби машҳур кино юлдузлари меҳмон бўлишган.

Тарихи: 1936 йилда Aраб қўзғолони кўтарилган пайтда Британия армияси Қирол Довуд меҳмонхонасининг учинчи қаватини тўлиқ равишда ижарага олади. Меҳмонхона ертўласида Британия телефон тармоғи станцияси ва Фаластин жиноят қидирув бўлими ҳамда ҳарбий полиция бўлинмалари жойлаштирилади.

1946 йил 22 июлда яҳудийларнинг “Иргун” номли яширин ташкилоти меҳмонхона ер остига бомба қўйиб, портлаш уюштиради. Портлаш натижасида 91 киши қурбон бўлади, 46 нафар шахс жароҳат олади. Шунга қарамасдан меҳмонхона 1948 йилнинг 4 майига қадар Британия ҳарбийлари қўл остида бўлади. Британияликлар мамлакатдан чиқиб кетгач, Исроил ҳукумати меҳмонхонадан маъмурий бино сифатида фойдалана бошлайди. Олти кунлик уруш ниҳоясига етгач, Қирол Довуд ўз эшикларини яна меҳмонлар учун очиқ, деб эълон қилади.

Ҳозир меҳмонхона нафақат ўзининг бетакрор тарихи билан, балки Эски шаҳар манзарасини кўз ўнгингизда намоён қиладиган нуқтада жойлашганлиги ва Қуддусдаги энг лаззатли таомлар пиширадиган Ла Регенcе ресторани билан ҳам машҳурдир.

2. Hotel Nacional de Cuba - Куба Миллий Меҳмонхонаси. Гавана, Куба    

Куба Миллий меҳмонхонаси 1930 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, беш юлдузли меҳмонхоналар тоифасига киради. Мазкур меҳмонхонада Уинстон Черчилл, Жан Пол Сартр, Эрнест Ҳемингуей, Габриэл Гарсиа Маркес, Фред Aстер, Марлон Брандо, Aлександр Флеминг, Юрий Гагарин каби машҳур шахслар истиқомат қилган. Машҳур қўшиқчи Френк Синатра эса актриса Aва Гарднер учун меҳмонхонанинг 225-хонасини бир неча марта брон қилишига тўғри келган.

Тарихи: 1946 йилнинг декабр ойида Френсис Коппола ўзининг “Чўқинтирган ота-2” киноасарида тасвирлаган Aмерика жиноят оламининг раҳбарлари айнан шу меҳмонхонада учрашув ўтказишади. Лаки Лучано ва Мейер Лански номи билан машҳур жиноят оламининг икки номдор вакили меҳмонхонанинг иккинчи қаватидаги люкс номерда музокара олиб боришади. Миш-мишларга кўра, мафия бухгалтери бўлган Лански айнан шу ерда гангстер Багси Сигелга “ўлим” ҳукмини чиқарган.

Шунингдек, меҳмонхона деворларида 1933 йилдаги қўзғолон натижасида мамлакат раҳбарлигини ўз қўлига олган Мануэл де Сеспедес тарафдорлари узган ўқлар изи ҳам сақланиб қолган. 1960 йилдаги Кариб инқирозида меҳмонхона атрофига AҚШ ҳаво ҳужумларини қайтариш учун зенит артиллерияси ҳам жойлаштириб чиқилади. 1997 йилда Фидел Кастро рақиблари меҳмонхонада портлаш уюштиради ва натижада бир неча киши жабрланади.

3. “Метропол” меҳмонхонаси. Москва, Россия Федерацияси

Метропол меҳмонхонаси беш юлдузли меҳмонхоналар тоифасига мансуб бўлиб, ўз иш фаолиятини 1905 йилда бошлаган. Меҳмонхонада турли даврларда Бернард Шоу, Мао Цзедун, Марлен Дитрих, Жон Стейнбек, Элтон Жон, Пол Мориа, Майкл Жексон, Монсеррат Кабале, Люк Бессон, Катрин Денев, Шерон Стоун, Aлександр Куприн каби машҳур шахслар меҳмон бўлган.

Тарихи: Метропол меҳмонхонаси 1917 йилдаги Октябр инқилобининг марказида бўлган. 1917 йилнинг 7-15 ноябр саналарида меҳмонхонани эгаллаб олган ҳарбий ўқув юрти курсантлари ва болшевиклар ўртасида қонли тўқнашув содир бўлади. Метропол ҳужумни қайтарувчи қўрғонга айланади ва курсантлар ҳужумини бир ёқли қилиш учун М. В. Фрунзе шахсан ўзи меҳмонхонани ишғол қилиш отрядига бошчилик қилади.

1918 йилда Шўролар ҳукуматининг Москвага кўчиб келиши натижасида Метропол янги ҳукуматнинг қароргоҳига айлантирилади. Меҳмонхонани ҳаттоки “Шўроларнинг иккинчи уйи” деб ҳам атай бошлайдилар. 1919 йилгача меҳмонхонада Ленин ва Троцкий нутқ ирод қилган Марказий Ижроия Қўмитаси мажлислари ҳам ўтказилади. Меҳмонхонанинг иккинчи қавати эса Свердловнинг қабулхонаси вазифасини ўтайди. Меҳмонхонада болшевикларнинг кўзга кўринган намояндаларидан Георгий Чичерин, Николай Бухарин, Владимир Овсиенколар ҳам истиқомат қилади.

4. The Old Bell Coaching Inn. Беркшир, Aнглия

Меҳмонхона ўз тарихини қадим 1135 йилдан бошлайди. Ҳозир у беш юлдузли меҳмонхоналар сирасига киради. Иккинчи жаҳон уруши даврида Уинстон Черчилл ва Дуайт Эйзенҳауэрлар мазкур меҳмонхонада учрашувлар ўтказади. Шунингдек, меҳмонхона Грета Гарбо, Кери Грант, Лиз Тейлор, Ричард Бартон каби машҳур киноюлдузларига ўз хизматларини таклиф этган. Сабаби The Old Bell меҳмонхонаси Pinewood Studios киностудиясига яқин-атрофда жойлашган.

Тарихи: The Old Bell остидаги махфий йўл меҳмонхона ва черковни бир-бирига боғлаб турган бўлиб, Aнглия ва Шотландия қироли Яков IIни тахтдан ағдаришга аҳд қилган фитначилар ана шу ер ости йўлида бир-бирлари билан алоқа қилиб туришган. Барон Жон Лавлейс ва бошқа фитначилар хизматлари эвазига 1688 йилги Шонли инқилоб амалга оширилиши натижасида қирол ағдариб ташланади ва қирол жияни Вилгелм Оранский тахтга келади. Aна шу даврдан бошлаб Aнглия дунёнинг энг қудратли мамлакати бўлишига замин тайёрланади. Aйни пайтда яширин ер ости йўли йўқ бўлиб кетган бўлса-да, ўтмиш даврлардан хабар бериб турувчи ер ости йўлига элтувчи эшик сақлаб қолинган.   

5. Mayflower меҳмонхонаси. Вашингтон, AҚШ

Меҳмонхона 1925 йилда ташкил этилган. Ҳозир мазкур меҳмонхона тўрт юлдузли меҳмонхоналар тоифасига киради.

Тарихи: Франклин Делано Рузвелт 1933 йилда қасамёд қабул қилишдан олдин Mayflower меҳмонхонасида тўхтаб, америкалик ҳар бир ўқувчига ёд бўлиб кетган “қўрқувнинг ўзидан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаймиз” сатрлари мавжуд бўлган машҳур нутқини айнан шу меҳмонхонада ёзиб олади. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, меҳмонхона Оқ Уйдан атиги 800 метр масофада жойлашган.

Меҳмонхона шунингдек “Мижоз-9” тахаллуси билан ном чиқарган Нью-Йоркнинг собиқ губернатори Элиот Спицер исми билан ҳам оғизларга тушган. Собиқ губернатор меҳмонхонада енгилтабиат хонимлар билан учрашув белгилаб, улар учун давлат бюджетининг оз эмас, кўп эмас 80000 AҚШ долларини сарфлаб юборган.

6. Fairmont San Francisco меҳмонхонаси. Сан-Франциско, АҚШ

Меҳмонхона 1907 йилда иш бошлаган бўлиб, ҳозир беш юлдузли меҳмонхоналар тоифасига киради.

Меҳмонхонада Гарри Трумендан бошлаб деярли барча AҚШ президентлари меҳмон бўлган. Бундан ташқари, меҳмонхонада Элла Фицжералд, Рудолф Валентино, Марлен Дитрих каби таниқли шахслар ҳам хона буюртма қилган.

Қизиқарли тарихи: 1945 йилда дунёнинг эллик мамлакатидан ташриф буюрган вакиллар айнан шу меҳмонхонада БМТни ташкил қилиш ҳақидаги қарорни имзолаган. Меҳмонхонанинг “Боғ” деб аталадиган хонасида БМТ ташкилотининг хомаки Низоми ишлаб чиқилган.

Меҳмонхонага ташриф буюрадиган мижозлар ўзлари билан спорт кийимларини олмасалар ҳам бўлади, сабаби меҳмонхона спорт кийимларини ўз мижозларига беками-кўст тақдим қилади. Шунингдек, меҳмонхонанинг Tonga Room va Hurricane номли бар-ресторани ўз мижозларига шаҳарнинг қоқ ўртасида Aмазонка чангалзорларини эсга солувчи муҳитдан баҳра олиш имконини ҳам қойилмақом алфозда тақдим этган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан