500 миллиард долларлик мегашаҳар: Саудия Арабистони Дубай билан рақобатга киришмоқчи

25.10.2017 | Жаҳон | 4051

Саудия Арабистони Қизил денгиз бўйида NEOM ​номли янги шаҳар қурилишини эълон қилди. 26 500 квадрат км майдонни эгаллайдиган улкан шаҳар Нью-Йоркдан 33 баробар катта бўлади. NEOM ​Саудиянинг Миср ва Иордания билан чегараси яқинида қад ростлайди. Ҳозир ҳали қурилмаган шаҳар учун веб-сайт ва Твиттерда янги саҳифа ҳам очилган.

NEOM ​энергетика, сув, биотехнология, озиқ-овқат, юқори технологиялар саноатига ихтисослашган бўлиши ва кўнгилочар-дам олиш хизматларини кўрсатиши режалаштирилган. Шаҳар тўлалигича қайта тикланадиган энергия (қуёш ва шамол энергияси) билан таъминланади. Лойиҳага кўра, шаҳарни тўлиқ қуриб битказиш учун 500 миллиард доллар керак бўлади. Қурилиш учун Саудия Қироллигининг энг катта жамғармаси, маҳаллий ва хориж инвесторлари сармоялари сарфланиши кутилмоқда.

“NEOM ​дунёнинг энг муҳим иқтисодий томирларидан бирида жойлашган. Халқаро савдонинг қарийб ўн фоизи шу ҳудуд орқали ўтади. Унинг стратегик жойлашуви ҳудудни Осиё, Европа ва Африкани боғлаб, дунё аҳолисининг 70 фоизи саккиз соатдан камроқ фурсатда етиб бора оладиган глобал марказ сифатида жадал ривожланишига имкон беради”, дейилади лойиҳада.

NEOM ​шаҳри мустақил иқтисодий ҳудуд сифатида минтақада БААнинг Дубай шаҳрига рақобатчи бўлиши кутилмоқда. Аммо янги мегашаҳар Дубайни орқада қолдириши осон кечмайди. “Агар у дунёнинг маркази бўлишга даъво қиладиган бўлса, Дубайдан кўра афзалроқ бўлган бирор янги нарсани таклиф қила олиши керак. Бу эса мушкул вазифа. Минтақада Дубай тажрибасидан кўр-кўрона фойдаланишга уринишлар яхши натижа бермаган”, – дейди Лондон Иқтисод мактаби тадқиқотчиси, саудияшунос Стеффен Ҳертог.

discoverneom.com