Афғонистонлик талабалар ТАТУ ва ИНҲАда таҳсил олишлари мумкин

04.04.2018 | Илм-фан | 2448

Ўзбекистон ва Афғонистон АКТ вазирликлари ўртасида имзоланган "Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми" асосида афғонистонлик талабаларнинг Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилади, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган бош мақсад — иккитомонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар.

Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади. Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, "электрон ҳукумат" йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар.