Ўзбекистон ва Афғонистон 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш бўйича битим имзолади

Ўзбекистон ва Афғонистон 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш бўйича битим имзолади

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Кеча, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири М.Атмар билан учрашув ўтказди. Чет эл делегацияси таркибида шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти маъмурияти, Транспорт вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги ва Марказий Банкнинг раҳбарлари қатнашди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва логистика ҳамкорлигининг долзарб масалалари, шунингдек, Афғонистонда энергетика, темир йўллар қурилиши, савдо ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

«Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини жадаллаштириш ва тегишли битим лойиҳаси устида ишлаш, шунингдек, Халқаро автотранспорт бўйича битим лойиҳасини имзолашга тайёрлаш доирасида эксперт музокараларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Темир йўл транспорти соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали транспорт йўлакларини ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Савдо айланмасини ошириш, жумладан, трансчегаравий савдони кенгайтириш ва иккала мамлакат бозорларига харидоргир қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш мақсадида тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув давомида икки томонлама келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам алоқалар механизмини жорий этишга ҳам келишиб олинди.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашув якунида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Афғонистоннинг “Da Afghanistan Breshna Sherkat” компанияси (DABS) ўртасида 10 йил муддатга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди.