Қамчиқ довони орқали юк ташувчи машиналарга нисбатан тақиқ шарти ўзгарди

12.06.2018 | Ўзбекистон | 3410

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Ички ишлар вазирлигининг “Юк автотранспорт воситаларини «Қамчиқ» довонидан ўтиши ва ҳаракатланиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан юк автотранспорт воситаларини «Қамчиқ» довонидан ўтиши ва ҳаракатланиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши мумкин:

Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 52-сон, 562-модда), 2012 йил 10 июлдаги 204-сон «Қамчиқ» довони орқали автомобиль транспортида юк ташишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 28-сон, 319-модда) ва 2018 йил 6 апрелдаги 268-сон «Қамчиқ» довони орқали автомобиль транспортида юк ташишни янада тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 09/18/268/1042-сон) қарорларига мувофиқ, юк ташиётган юк автотранспорт воситаларининг «Қамчиқ» довонига кириши ҳамда унда ҳаракатланиши устидан назорат қилиш тартибини белгилайди».

4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 268-сон «Қамчиқ» довони орқали автомобиль транспортида юк ташишни янада тартибга солиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ишлаб чиқарилган йили 20 йилдан ортиқ бўлган юк автотранспорт воситалари ва шатакчи автотранспортда (тиркама ва ярим тиркамалар бундан мустасно) «Қамчиқ» довони орқали юкларни ташиш тақиқланади».

6-бандидаги «Ўзавтойўл» ДАК» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилади.

7-бандидаги «Ўзавтойўл» ДАК» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилади.

8 ва 9-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади;

16-бандидаги «Ўзавтойўл» Давлат-акциядорлик компанияси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилади.