OPIC Ўзбекистонга қайтди

18.08.2018 | Иқтисод | 2956

Американинг хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси (OPIC) Ўзбекистондаги фаолиятини қайтадан бошлади, деб хабар берди Ўзбекистон Сенати матбуот-хизмати.

"17 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси (OPIC) вице-президенти Д. Бохигиэн бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, меҳмонларга Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан қулай инвестиция муҳитини яратишга, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга доир ишлар, Ўзбекистон ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга ошираётган хорижий инвесторлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат кафолатлари ва чораларининг қонунчилик асослари тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Ўз навбатида, меҳмонлар Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайта бошлаган Хусусий хорижий инвестициялар корпорациясининг, АҚШ Ҳукумати ҳузуридаги агентликнинг мақсади Ўзбекистон бозорига маблағлар киритишда америкалик тадбиркорларга кредитлар ва кафолатлар бериш орқали кўмаклашишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, Корпорация хусусий ва бошқариладиган инвестиция жамғармаларини ташкил этишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Капитал билан қўллаб-қувватлашдан ташқари, OPIC ривожланаётган мамлакатларга бошқарув кўникмалари ва молиявий экспертизадан фойдаланишда ҳам ёрдам кўрсатади.

Суҳбат чоғида Корпорация вакиллари Ўзбекистонда биринчи навбатда сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг барқарорлиги ҳамда инвесторларнинг хавфсизлиги мустаҳкам таъминланаётганлиги туфайли Ўзбекистон бозорига капитал киритиш истиқболли эканлигини таъкидладилар.

Бугунги кунда Корпорация активлари 20 млрд. АҚШ долларини ташкил этади. OPIC жаҳоннинг 160 та ривожланаётган мамлакатида фаолият олиб боради ва ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, телекоммуникациялар, молиявий хизматлар, уй-жой бозори ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда бизнесни молиялаштиришда кўмак беради.

Шунингдек OPIC кичик бизнесдан тортиб то ташқи бозорда ипотека кредитини беришгача кредитлашнинг ҳар хил турларига субсидиялар ажратиш учун хорижий мамлакатларнинг молиявий муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилади.