Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Пайариқ тумани ҳокими 300 тонна балиқ нобуд бўлишида унга қўйилган айбловларни кескин рад этди
8.09.2018 15:34,  
47

Аввалроқ “Замон” кўрсатувида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани “Қорасув” сув омбори суви ирригация эҳтиёжлари учун олиниши оқибатида 300 тонна балиқ нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди. “Turon 24” ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

“Қорасув” сув омборида ташкил этилган балиқчилик фермамизга 2018 йилда 225 минг дона чавоқ келтиргандик, – дейди “Самарқандбалиқсаноат” МЧЖ таъсисчиси Илҳом Ҳалимов. – Аммо сув омборидаги сув қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун олингани сабабли 300 тонна балиқ нобуд бўлди”.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лаборатория мудири Толиб Ҳайдаров бундай ҳолат тоза сув миқдори кескин камайиб кетиши ва кислород етишмаслиги оқибатида юзага келганини тасдиқлади.

Кўрсатувда хабар қилинишича, Пайариқ тумани ҳокимининг топшириғига кўра қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун сув омборидаги бир неча марта сув олинган. Ҳоким Абдумўмин Жўраев “Turon 24” мухбири билан суҳбатда бу айбловларни кескин рад этган:

“Қорасув” сув омборидан сув чиқариш менинг ваколатимга кирмайди, – дейди у. – Қандай қилиб мен топшириқ бера оламан?!”.

“Қорасув” сув омбори бошлиғи Зуҳриддин Сатторов туман ҳокими топшириғи билан эмас, балки “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан берилган фармойишларга асосан сув омборидан бир неча марта сув чиқарилганини маълум қилди ва бунга оид ҳужжатларни тақдим этди.

Туман ҳокимининг айтишича, ушбу балиқчилик фермаси аслида амалдаги қонунчилик талабларига кўра ташкил этилмаган. Шу боис балиқларнинг нобуд бўлишида масаланинг айни жиҳати ҳам ҳисобга олиниши зарур.

МЧЖ таъсисчиси Илҳом Ҳалимов эса бунинг аксини айтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 майдаги 2939-қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан тендер ўтказилган ва унда “Самарқандбалиқсаноат” МЧЖ ғолиб бўлган. Шундан бери балиқчилик фермаси фаолият юритиб келмоқда.

МЧЖда балиқчи бўлиб ишлаётган Акмал Маматқулов балиқлар шу йилнинг 18 – 19-август кунлари нобуд бўлганини билдирди. Бунгача корхона тегишли ташкилотларга, жумладан, вилоят ҳокимлигига балиқлар парвариши учун сув етарли эмаслиги ҳақида бир неча марта мурожаат қилган. Акмал Маматқуловнинг сўзларига кўра сув 20 август куни, яъни балиқлар нобуд бўлганидан сўнг келган.

Пайариқ туман ирригация бўлими бошлиғи Абдували Умрзоқов вилоят ҳокимининг топшириғи билан жорий йилнинг 20 августида “Қорасув” сув омборига ҳақиқатан ҳам сув берилганини тасдиқлади.

Англашиладики, туман ҳокими сув омборидан сув чиқаришга топшириқ бермаган, балиқчилик фермаси қонуний равишда фаолият юритиб, балиқ парваришлаган, Ирригация тизимлари бошқармаси фармойишига асосан сув омборидан сув чиқарилган ва вилоят ҳокими топшириғига кўра яна сув берилган. Лекин кўп миқдордаги балиқни нобуд бўлишдан ҳеч ким сақлаб қололмаган.

Халқ эҳтиёжи йўлида етиштирилаётган бу балиқларнинг қанчаси нобуд бўлди ва қанча зарар кўрилди?

Балиқчи Акмал Маматқуловнинг таъкидлашича, ушбу рақам 300 тоннадан ҳам кўп бўлиши мумкин. “225 минг дона чавоқни бир неча ой парвариш қилганимиз эътиборга олинса ва ҳар бири 400 граммдан ҳисобланса, йўқотилган балиқларимизнинг миқдори 400 тоннага яқинлашади”, – дейди Акмал Маматқулов.

Шу йилнинг 28 август куни Пайариқ туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, ветеринария, экология, ободонлаштириш ва "Тоза ҳудуд" бўлимлари томонидан тузилган ва имзоланган далолатномада 28 тонна балиқ ҳавза атрофидан йиғиштириб олингани ва 2 километр узоқликдаги ўрага кўмилгани кўрсатилган.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, “Самарқандбалиқсаноат” МЧЖ раҳбари ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан Самарқанд вилоятида табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш режа-топшириғи имзоланган. Унда қайд этилишича, 2018 йилда “Самарқандбалиқсаноат” МЧЖ “Қорасув” сув омборидаги 413 гектар майдондан фойдаланган ҳолда 41,3 тонна балиқ овлаши белгиланган. Яъни, бу йил МЧЖ мазкур сув омборида 41,3 тонна балиқ етиштириб топшириши керак.

Бугунги кунда вилоят бозорларида 1 килограмм балиқ нархи ўртача ўн минг сўмни ташкил этади. Агар юқоридаги ҳужжатларга ва бу нархга таяниб ҳисоб-китоб қилинса, нобуд бўлган 28 тонна балиқдан 280 миллион сўмлик зарар кўрилган.

Бу МЧЖ кўрган моддий зарар. Нобуд бўлган балиқларнинг атроф-муҳитга, экологияга, аҳолига зарари ёки хавфи қандай?

“Ишчи гуруҳ нобуд бўлган балиқ миқдорини аниқлаш, ҳудудни тозалаш, ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш ва дезинфекция ишларини олиб боргани сабабли ҳеч қандай экологик ёки атроф-муҳитга зарар хавфи мавжуд эмас, – дейди Самарқанд вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига қарашли "Тоза ҳудуд" бошқармаси Пайариқ туман бўлими бошлиғи, ишчи гуруҳ аъзоси Раҳим Кўбаев. – Нобуд бўлган балиқлар сув ҳавзасидан 2 километр узоқликдаги махсус эритма билан дезинфекция қилинган ўрага кўмилди”.

“Самарқандбалиқсаноат” МЧЖ таъсисчиси Илҳом Ҳалимовнинг айтишича, балиқларнинг нобуд бўлиши юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилган ва бу иш кўриб чиқилмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан