Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Дунёни ўзбекча англаш ҳақида
18.10.2016 13:02,  
100

Сардор Салим

Ўзбекларнинг бугунги ташвишларини кўздан кечирсангиз, 20 асрнинг боши билан 21 асрнинг боши ўртасида ниҳоят бир ўхшашлик, яқинликни кўрса бўлади. Бир қатор мавзуларга ёндашишда бу яққол сезилади. Олим Бегали Қосимов бу муштараклик сабабларини, бу икки даврда ҳам миллий уйғониш жараёни кетаётганлиги билан изоҳлайди.

Постколониал Африка, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳақиқий истиқлол ҳеч қачон мустақилликнинг эълон қилинишининг расмий кунидан бошланмайди. Фақатгина онг мустақиллиги орқали ҳақиқий ва боқий мустақилликка эришиш мумкин. Онг мустақиллигига эришиш йўлида ҳаракатлар бизда ХХ аср бошларида бошланган, 1930 йиллар қатағонлари билан узилиб қолган, Мустақиллигимиз туфайли яна кун тартибига қўйилмоқда. Истиқлол бизга дунёни бевосита, даллолларсиз англаш ва замонамизнинг цивилизациясига эш яшаш имкониятини берди. Орадан ўтган 25 йил эса буни заруриятга айлантирди.

Уйғонмоқ – дунё билан билан баробар яшамоқдир. Агар биз онг мустақиллигига бу гал ҳам эриша олмасак, бу босқичдан ўта олмасак, маданиятли, маърифатли миллатга айлана олмаймиз, жаҳондаги миллатлар оиласига қўшила олмаймиз, силсиладан тушиб қоламиз дейди, Бегали Қосимов. Демак, бугунги асосий вазифа йўлда узилиб қолган миллий уйғонишни давом эттириш. Миллий уйғониш бизнинг бугунги шароитимизда онгни деколонизациялаштириш, яни эски мустамлакачи ва янги неоимпериал тузумларнинг асоратлари ва таъсиридан иложи борича халос бўлиш ва шу орқали шоир Хуршид Давроннинг таъбири билан айтганда, дунёни ўзбекча англашга ҳаракат қилишдир.

Дунёни ўзбекча англаш

Бир неча аср олдин бошланган турғунлик, унинг натижасида 130 йил давом этган колониал тобеълик бизни тарихдан узди. Бегали Қосимовнинг айтишича, биз жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган ва қўшиб келган маърифатли миллат эканлигимизни унутдик. Тўғрироғи, онгимиздан сиқиб чиқаришди, ўрнига техникага уқувсиз, тил билишга яроқсиз, гастарбайтерликдан бошқа қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бир миллат сифатида ўзимизни ўзимизга “танитишга” ҳаракат қилдилар, қилмоқдалар. Ҳаттоки бунга бир даражада муваффақ ҳам бўлдилар. Биз ҳамма нарсага, хусусан ўзимизга ҳам дастлаб “оқ” империянинг (Ғафур Ғуломнинг “Шумбола”сидаги “гермон деган махлуқни” эсланг), сўнг “қизил” имперянинг кўзи билан (масалан, “босмачилар” масаласига) боқдик. Бугун ҳам аксариятимиз дунёни ё Россия, ё Ғарб призмаси орқали кўрамиз. Бизга дунёни ўзбекча англаш қобилияти етишмаяпти. Мустақиллик бизга тарих ва келажагимизга ўз кўзимиз билан боқиш, ўз ақлимиз билан баҳо бериш имкониятини берди, лекин биз бу имкониятдан тўлақонли ва самарали фойдалана олмаяпмиз. Чунки дунёни ўзбекча англаш учун замин ҳали шаклланмаган.

Нима қилиш керак?

Ўзбекча англанадиган дунё, бугунги янги жамият ва янги маданият қандай тамойиллар заминида шаклланиши лозим? Бугун ўзбек кишиси, аввалан, зиёлиси қайси йўлни танламоғи, нимани ҳимоя этмоғи, нимага қарши курашмоғи, халқни, унинг илғор қисмини қандай ишларга даъват қилмоғи керак деб савол беради Хуршид Даврон мақолаларининг бирида. Ўша ернинг ўзида бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган жадидларнинг қуйидаги мулоҳазасини жавоб сифатида келтиради: “Ҳамонки мақсад жамиятни янгиламоқ экан, уни янги авлодгина қилиши мумкин эди. Янги авлодни эса етиштирмоқ лозим. Эски, анъанавий усулда бу ишни амалга ошириш қийин, чунки замон ўзгарган… Сўнгги уч-тўрт аср Оврупони олдинга олиб чиқди. Унинг қўлини сарбаланд қилди. Энди Оврупо илм-фанини эгалламасдан дунё билан баробар яшаб бўлмайди… Айни пайтда ўзликни ҳам сақламоқ лозим. Дин-диёнат ҳам зарур. Хуллас, яшамоқ учун учала жиҳатни ҳам ушламоқ керак”.

Яъни, тарих ва келажагимизга ўз кўзимиз билан боқиш, ўз ақлимиз билан баҳо бериш ва дунё билан баробар яшашимиз учун авваламбор:

1. Ўзбеклар 1924 йилда руслар томонидан яратилган сунъий миллат эмас, кўп минг асрлик тарихга эга бўлган, жаҳон цивилизациясининг чорраҳасида келган, башарият тафаккурини ёритишга хизмат қилган ва жаҳонгир саркардалари билан олам харитасига бир неча бор туб ўзгартиришлар киритган, бугун ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшишга қодир миллат эканлигини қайта таниттириш, миллатни ўз-ўзини англаш ва тиклашга эришиш;

2. Фақатгина ўтмишдаги буюклигига афсус билан тикилиб қолмасдан, замона талабларига жавоб берадиган миллат бўлишда, янги давлат ва жамият қуришда Шарқ билан Ғарбдаги энг яхши анъана ва тажрибаларни ўрганиш, татбиқ этиш керак.

Афсус, бугунги кундаги дунёни бевосита, даллолларсиз англаш ва замонамизнинг цивилизациясига эш яшаш учун амалга оширилаётган ҳаракатларимизнинг аксарияти оқсаяпти. Оқсашнинг сабабларидан бири, билмасдан, англамасдан қилинаётганидир. “Билиш” учун “ўқиш” керак. Шунинг учун бугун “Нима қилиш керак?” деган саволга “Нимани ўқиш керак?” саволини ҳам қўшиб, иккисига жавоб қидиришимиз керак.

Нимани ўқиш керак?

Бу саволга жавоб қилиниши керак бўлган юқоридаги вазифалардан келиб чиқади. Биринчидан, ўзбекларни ўзига қайта таниттириш, ўз-ўзини англаш ва тиклашга эришишга ёрдам берадиган китобларни ўқиш керак. Масалан, ўзбек миллатининг ўзлигининг муҳим бир қисми Ислом динининг таъсирида шаклланган. Лекин ҳозирда аксариятимиз Ислом динининг асослари ҳақида яхлит билимга эга эмасмиз. Ислом оламида кечаётган ва бизга тўғридан-тўғри таъсир қилаётган жараёнлар ва ғоявий баҳслардан ҳам бехабармиз.

Иккинчидан эса, Шарқ билан Ғарбдаги энг яхши анъана ва тажрибаларни ўзида акс этган, ўзбек халқини янги турмушга тайёрлайдиган китобларга эҳтиёж бор. Мутахассислар томонидан чертиб-чертиб танланган қуйдаги соҳалардаги фундаментал китоблар янги ўзбек миллатининг ДНКсига кириб кетиш керак, келажакдаги амбицияларига мустаҳкам фундамент сифатида ҳизмат қилиши керак:

1. Ўзбеклар ўз-ўзини англаш ва ўзлигини тиклашга ёрдам берадиган китоблар. Масалан, Адиб Ҳалиднинг “Making Uzbekistan” каби.

2. Ислом. Тафсир, ҳадис, сийрат, динлар тарихи, фиқҳ, калом, тасаввуф каби соҳаларда Ислом оламидаги энг нуфузли китоблар.

3. Замонавий Дунё ва унда яшаб кетишни (ҳам миллат, ҳам шахс сифатида) ўргатадиган китоблар.

4. Жисмоний олам. Carl Saganning “Cosmos”, Перельман “Занимательная математика” ва ҳоказо китоблар.

Китоб кўп, умр қисқа, ресурслар чекланган. Китобларнинг барчасини таржима қилиб ҳам бўлмайди. Демак, мақсадли уқиш дастури керак. Дастур доирасида энг аввало кунимизнинг дардларига дармон бўла оладиган, миллий уйғонишга хизмат қила оладиган китобларни танлаб, таржима килиш керак.

муаллифнинг Facebook саҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан