Тошкентда 15 яшар қиз йўқолиб қолди

03.01.2019 | Жамият | 2836

Электрон нашрлар ва ижтимоий тармоқларда 15 яшар Нодира Яшатулаева 2019 йил 1 январь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги қариндошининг уйидан чиқиб, йўқолиб қолган ҳақида маълумотлар тарқалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.

Қизнинг ота-онаси ички ишлар идораларига эртасига, 2 январь куни мурожаат қилган. Уларнинг айтишича, Нодира аввал ҳам уйдагиларни огоҳлантирмай, қариндошлариникига кетиб қолган, шу сабабли бу ҳақда дарров ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берилмаган.

Охирги маълумотларга кўра, Нодирага ўхшаш қизни Тўйтепа шаҳридаги супермаркетлардан биридаги арча атрофида кўришган. Ҳозирда қизнинг ота-онаси ва Сергели туман ИИБ ходимлари ўша ерда бўлиб турибди.

Нодира Яшатулаевани кўрган-билганлардан 102 телефон рақами орқали хабар беришлари сўралган.