Тошкентда икки киши автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди

03.05.2019 | Ўзбекистон | 5060

3 май куни тахминан 14:30 да Тошкент ҳалқа йўлига туташ иккинчи даражали йўлда жойлашган «Чинни бозор» бекатида автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

147-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz (18- автобус саройи) автобуси ҳайдовчиси Т. М. йўловчиларни тушираётган вақтда ҳозирча аниқланмаган сабабга кўра транспорт воситаси ўз-ўзида олдинга ҳаракатланиб кетади.

Автобус бекатда турган икки пиёдани уриб юборади. Тахминан 10 метрлар илгарилаган автобуснинг олд ўнг ғилдираги бетон ариққа кириб, тўхтайди.

14 ёшли С. Г. Ва 30−35 ёшлардаги ҳозирча шахси аниқланмаган аёл ҳодиса жойида вафот этди. Чилонзор туман ИИБ жиноят иши қўзғатилиши масаласини ҳал қилади, ЙТҲ сабаблари аниқлаштирилмоқда.