Портлашлар туфайли Уфа-Тошкент йўналишидаги поезд Туркистонда тўхтаб қолди

25.06.2019 | Жаҳон | 4665

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Арисдаги портлашлар туфайли “Уфа-Тошкент” йўналишида ҳаракатланган поезд Туркистонда тўхтаб тургани тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йил 24 июнь куни Қозоғистоннинг Арис шаҳридаги фавқулодда вазият муносабати билан Уфа шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳаракатланаётган ва ичида Ўзбекистон фуқаролари йўловчи ва бортпроводниклар бўлган 382-сон темир йўл рейси тўхтатиб қўйилган.

“Айни пайтда поезд Туркистон шаҳри темир йўл вокзалида турибди ва йўналиш бўйича ҳаракатланишга рухсат берилишини кутмоқда”, - дейилади ТИВ хабарида.

Вазият Бош консулхона назоратига олинган. Поезд йўловчиларига сув ва озиқ-овқат берилмоқда. Поезднинг қачон ҳаракатни давом эттириши Арис шаҳридаги вазият барқарорлашишига боғлиқ. 

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел. :  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни эрталаб соат 09:20да Қозоғистоннинг Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлаши юз берди. Ҳозирда воқеа сабаби ва тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинган. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 70 дан кўпроқ киши жароҳат олган, улардан 15 нафари шифохонага ётқизилган.