Қозоғистонда оммавий тадбирлар коронавирус туфайли бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
“ЖССТ коронавирус пандемиясини эълон қилди. Ҳукумат махсус профилактика чораларини амалга оширишга киришди. Оммавий тадбирлар бекор қилинади. Озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж учун зарур бўлган товарлар билан таъминлашда узилишлар бўлмайди. Кичик ва ўрта бизнес зарар кўришининг олдини олиш муҳим”, — деб ёзган Тоқаев.
Тоқаев “асосийси — фуқаролар саломатлиги” эканини айтиб, “бирга барчасини енгамиз” дея қўшимча қилган.
Аввалроқ, Тожикистон пойтахтида коронавирус туфайли Наврўз байрамини нишонлаш бекор қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам юзага келган вазият сабаб айрим тадбирларни кейинга қолдирди ва бир неча хорижга сафар тадбирлар жадвалини қайта кўриб чиқди.
Шавкат Мирзиёев 11 март куни мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши мамлакат аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солаётгани таъкидланди.
Мирзиёев ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этишини қайд этди.
Шу муносабат билан, президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берди.