Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Украинага тегишли Boeing самолёти ҳалокатини Россия телевиденияси қандай ёритди?
14.01.2020 13:48,  
1517

Украина авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-800 самолёти 2020 йил 8 январ тунида Теҳрон осмонида ҳалокатга учраб, бортидаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлар экан, Россия давлат телеканаллари охирги лаҳзагача Эрон ҳаво мудофааси қисмлари хатога йўл қўйган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни рад этиб келди. Ниҳоят 11 январга келиб, Эрон ҳукумати самолёт мамлакат ҳарбийларининг хатоси туфайли уриб туширилганини тан олди. Аммо шунда ҳам Россия федерал каналларидаги журналистлар бу воқеада АҚШнинг қўли борлиги ва ҳалокатга инсон омили сабаб бўлганини айтишдан тўхтамади.

10 январ куни “Вести” ахборот кўрсатувининг кечки сонида Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Британия бош вазири Борис Жонсоннинг “самолётга қарши ракета зарбаси берилгани” ҳақидаги баёнотлари “навбатдаги highly likely” – “эҳтимолий тусмол” деб аталди. (собиқ россиялик разведкачи Сергей Скрипал Англияда заҳарланганида инглиз ҳукумати айнан Россияни бу ишга масъул деб кўрсатган, ўшанда рус ТВларида шу иборани ишлатиш одатга айланганди).

Россиянинг “Первый” (“Биринчи”) каналида ҳалокатнинг Эрон тақдим этган вариантига диққат қаратилиб, “ҳатто Украина президенти Владимир Зеленский ҳам самолёт уриб туширилгани бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни тасдиқламагани”га урғу берилди.

Бундан ташқари, Эрон ушбу самолёт ҳалокатига масъуллигини тан олгунигача Россия телеканаллари АҚШ оммавий ахборот воситаларида тарқалган, Boeing қулашига Эрон ҳарбийлари алоқадорлигини кўрсатувчи ҳаваскор видеони ҳам шубҳа остига олди. Хусусан, “Первый” телеканали “АҚШнинг куч ишлатар тизимларидаги номи ошкор этилмаган манбалар сиздирган” маълумотга кўра “видео мувофиқлаштирилган ҳолда олингани ва ўша вақтдаги тасвир тасодифга ўхшамаслиги”га урғу берди. “Россия-1” телеканали эса ушбу видеони биринчи бўлиб ижтимоий тармоққа юклаган шахс “Лондонда яшовчи эронлик экани ва у мунтазам равишда Эрон ҳукуматини танқид қилиб келган”ини қайд этди.

Russian Today’нинг рус тилидаги сайти Эрон ўз хатосини тан олишидан бир неча соат олдин “Эронни иблис қиёфасида тасвирлаш” – Ғарб Теҳронни Boeing 737 қулашида қай тарзда айблаяпти” сарлавҳали мақола чоп этди.

ВГТРК журналисти Станислав Натанзон Эронни “очиқлиги учун” мақтаб, Теҳрон “ўзи томонидан бирон хатога йўл қўйилмаганига амин” эканини айтди. Унинг ҳамкасби Андрей Медведев эса ҳалокат тасвирланган ҳаваскор видеонинг ҳақиқийлигини шубҳа остига олди.

Эрон украин самолёти ҳалокатига масъуллигини эътироф этгач, Россия давлат телеканалларининг ушбу мавзудаги баёнотлари сезиларди даражада ўзгарди.

“Ҳалокатга Қосим Сулаймонийни ўлдирган АҚШ айбдор”

“Вестей недели” кўрсатуви эфирида “Тасодиф – тушунтиришнинг бир қисмигина холос. Америка Эронга қарши қўзғаган асаб урушида шундай иш содир бўлмаслиги ҳам мумкин эмас”, деган Дмитрий Кисилёв Американинг Яқин Шарқдаги “бузғунчилик ҳаракатлари”га бағишланган кўрсатувга “Оқибатлар ҳақида ўйламасдан” деб сарлавҳа қўйди

“Россия-1” телеканалидаги “60 дақиқа” кўрсатуви бошловчиси Евгений Попов 13 январ кунги эфирда “Эроннинг йирик хатоси юз бермаслиги мумкин эди. Аммо генерал Қосим Сулаймонийнинг Америка ҳаво зарбалари натижасида ўлдирилиши Эрон ҳарбийларини жанговар тайёргарликка мажбур қилди”, деди.

“Тизимлар нима учун ҳарбий тайёргарликка келтирилди? Чунки АҚШ давлатнинг олий даражадаги мансабдори ва Эроннинг бўлажак президентини ўлдирди”, дея Поповга хайриҳоҳ фикр билдирди сиёсатшунос Сергей Марков.

Худди шунга ўхшаш баёнот “Первый” каналидаги “Вақт кўрсатади” кўрсатувида ҳам янгради. Думанинг Мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари Александр Шерин ҳалокатга сабаб бўлган вазиятга айнан АҚШ сабаб бўлганини таъкидлади, кўрсатувда қатнашган Ижтимоий-консерватив сиёсат маркази мутахассиси Игор Кимаковский унинг фикрларини қўллаб-қувватлади.

“Украина ва АҚШдан фарқли ўлароқ Эрон ўзини муносиб тарзда тутди”

Россия давлат телеканалларининг бир қатор журналистлари бирданига “Эрон ҳукумати атиги бир неча кун ичида ҳалокатга масъуллигини тан олгани ва узр сўраганига” диққат қаратди. “Бу ерда “Биз айбдормиз, биз барча масъулиятни зиммамизга оламиз”, дейишяпти. Мана, бўлар экан-ку. Ҳар қандай мамлакат агар айни вазиятга тушиб қолса, ўзини шундай тутиши керак”, деди Евгений Попов “60 дақиқа”да.

Russian Today телеканали раҳбари Маргарита Симонян ҳам шунга ўхшаш баёнотни билдирди: “Менинг координата тизимимда Эрон мард бўлиб чиқди”.

Эрон амалдорлари дастлаб самолёт ракета билан уриб туширилгани ҳақидаги тахминларга берган раддиясидан Россия федерал каналлари иқтибос келтирмади. Евгений Попов бунинг ўрнига “айнан ғарб махсус хизматлари самолёт двигателида муаммо борлиги ҳақида айтгани”ни эслатиб, “Рейтер”нинг хабарини тилга олиб ўтди.

“Адолат учун айтиш керакки, двигателнинг ёниб кетгани ҳақида айнан Ғарб оммавий ахборот воситалари ва махсус хизматлари хабар қилган, бу янгилик ғарбдан келган эди”, дея гапирган “Вақт кўрсатади”нинг бошловчиси Анатолий Кузичев “ҳалокат техник характерга эгалиги”ни биринчи бўлиб Эрон хабар қилганини “унутиб қўйди”.

Эрон айни вазиятда бошқалардан фарқли иш тутганини кўрсатиб бериш учун бирданига 4 та дастур – “Вестей недели” (“Ҳафта хабарлари”), "Воскресного вечера с Владимиром Соловьевым" (“Владимир Соловёв билан якшанба оқшоми”), "60 минут" (“60 дақиқа”) ва "Время покажет" (“Вақт кўрсатади”) кўрсатувларида Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучмадан олинган интервю лавҳаси намойиш этилди. Унда Кучма 2001 йили октябрда Қора денгиз устида украин ҳарбийлари ракетаси билан уриб туширилган, Россияга қарашли Ту-154 самолёти ҳақида гапирган: “Европага қаранглар: биз (бундай ҳолатлар бўйича) биринчимизми, охиргимизми? Бундан катта миқёсдаги фожеалар ҳам бор...” Ўшанда Тел-Авив-Новосибирск йўналишида учаётган, “Сибирь” авиакомпаниясига тегишли самолёт бортидаги 78 кишининг барчаси ҳалок бўлганди.

“Украина бу авиаҳалокатга масъуллигини тан олди, компенсация тўлади, аммо ҳеч кимдан узр сўрамади. Эроннинг гапини эса биз аниқ эшитдик – ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига масъул шахс бу хато учун ўлимга ҳам тайёрлигини айтди”, дея изоҳ берди “Вестей недели” (“Ҳафта хабарлари”) кўрсатуви бошловчиларидан Олга Скабеева.

Россия давлат телеканалларида 1988 йил ёзда Америка крейсеридан отилган ракета билан уриб туширилган Эронга қарашли Airbus-300 самолёти ҳалокати ҳақида ҳам эслаб ўтилди. “Ўшанда америкаликлар нима дегани ёдимда. Улар самолётни уриб туширишар экан, катта Жорж Буш “Ҳар қандай далил бўлмасин, мен ҳеч қачон АҚШ учун узр сўрамайман”, деганди”, деб айтди Владимир Соловёв. Унинг ҳамкасби Андрей Медведев ҳам ўзининг Телеграм каналида Бушнинг гапини иқтибос сифатида келтирди.

Ушбу иқтибос ҳақиқатдан ҳам катта Жорж Бушга тегишли. Аммо у бу гапни Эрон лайнери ҳалокати муносабати билан айтмаган. Шу билан бирга АҚШ Эрон самолёти учун узр сўрашдан бош тортгани ҳам тўғри гап.

"Время покажет" (“Вақт кўрсатади”) студиясида ўтирган экспертлар кўрсатув бошловчиси Анатолий Кузичевга СССР ҳам 1983 йили Сахалин устида совет қирувчиси томонидан уриб туширилган, Жанубий Кореяга қарашли Boeing-747 учун узоқ вақтгача масъулиятни зиммасига олмаганини эслатганди, бошловчи “СССР Жанубий Кореяга тегишли самолётни протокол ва регламентга кўра уриб туширган”, деб жавоб берди.

Студияда муҳокамалар қизиб, Россия Малайзияга тегишли Boeing самолёти 2014 йил июлда Донбасс осмонида ҳалокатга учрашига масъуллигини тан олмаётгани айтилганида Кузичев “портлаб” кетди: “Жин урсин, уни биз уриб туширганимиз йўқ! Ҳатто Эрон тан олди, аммо Россия тан олмади, деб таққослаш – бу аҳмоқона изоҳ!” – деди у.

“Ҳаммаси у қадар оддий эмас”

Россия телеканалларидаги сиёсий кўрсатувларнинг сўнгги сонлари фитна назарияларидан холи бўлмади.

“Мен бу ерда баъзи техник саволларни ҳам бермоқчиман. Сулаймонийни ўлдиришди. Одамлар бир халқ сифатида бирлашди. Шунда бирдан самолёт қулади. Мен бу парвоздан олдин унинг экипажи ўзгартирилгани ҳақида ўқигандим. Ўша парвозда учиши керак бўлган учувчилар – нариги экипаж учувчиларининг сўзларига кўра – парвоздан олдин асабийлашган”, деди “Первый” канали эфирида сиёсатшунос Кимановский.

“Иккинчидан, самолёт қачон учяпти? Америка самолётларини билганим учун айтишим мумкинки, унинг бошқарув дастурига кўра, тугмани боссангиз, самолёт юради ва учиб кетади. Бу самолёт эса манёвр қилишни бошлаяпти, мен яхши тушунаман, америкаликлар буни ҳисобга олган – ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ўқ узиш вақтида жанговар тайёргарлик ҳолатида бўлади. Энди ҳатто йўловчи самолёти бўлса ҳам худди ҳарбий самолёт каби манёвр қилишни бошласа… Бу тасодифан бўлмайди. Самолётнинг ўша ерга, Америка учун қулай вақтда қулаши тасодиф эмас”, деди у.

"Воскресного вечера с Владимиром Соловьевым" (“Владимир Соловёв билан якшанба оқшоми”) кўрсатувида қатнашган сиёсатшунос Сергей Михеев ҳам самолёт қулаши билан боғлиқ терговга нисбатан ўз саволлари борлигини билдирди. “Авиаҳалокат охиригача тергов қилинмаган. Самолёт қандай қилиб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳудудига кириб қолганини тушунмадим. Бу унинг қандайдир нотўғри учганига далолат қилади. Кетма-кет барча самолётларни уриб туширишмаган-ку. Айни шу дақиқада олинган тунги осмон видеоси қандай пайдо бўлди? Бир одам кечаси видеога олади ва бу лавҳа тўсатдан америкаликларнинг қўлида пайдо бўлади!” – деди у.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан