АҚШ Сенатида Путинга қарши санкция лойиҳаси тақдим этилди

АҚШ Сенатида Путинга қарши санкция лойиҳаси тақдим этилди

АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси, DASKA антироссия санкциялар тўпламининг ҳаммуаллифи, сенатор Роберт Менендез АҚШ Сенатига янги санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу сафар улар тўғридан-тўғри Россия президенти Владимир Путин ва мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгуга қарши қаратилган.

Менендез санкциялар зарурлигини Россиянинг Афғонистон Толибонига қарши "фитна" си билан боғлиқ сўнгги можаро билан изоҳлади. АҚШ разведка агентликлари Россиянинг Афғонистондаги АҚШ қўшинларининг ўлдирилиши учун Толибонга мукофот таклиф қилаётганига оид далилларни топдилар.

Сенатор қуйидагиларни таклиф қилади:

  • Путин, Шойгу ва "Россия ҳукуматининг Афғонистондаги Америка ёки коалиция қўшинларига қарши ҳаракатларда иштирок этган бошқа вакилларининг" мол-мулкини музлатиш;
  • Россия мудофаа секторига банк чекловларини жорий этиш;
  • "Путинга яқин бўлган рус олигархларига" қарши санкцияларни кенгайтириш;
  • ушбу санкцияларнинг амалга ошишини таъминлаш учун уларни мудофаа бюджети лойиҳасига киритиш.

Аввалроқ The New York Times нашри АҚШ разведка идораларидаги манбаларига таяниб, Россия ҳукумати Афғонистон ҳудудида ўлдирилган АҚШ ҳарбийлари учун Толибон ҳаракатини молиялаштирганини хабар қилган эди. Кейинчалик ушбу хабар Кремл ҳамда Толибон томонидан рад этилди. Ҳатто АҚШ президенти Доналд Трамп бу воқеани "демократлар фитна" сига боғлади ва нашрни "ёлғон янгиликлар" (fake news) тарқатишда айблади.