Бош прокуратура Хоразмда қамоққа олинган Миллий гвардия ходими бўйича расмий баёнот берди

Бош прокуратура Хоразмда қамоққа олинган Миллий гвардия ходими бўйича расмий баёнот берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи С.Рахимова ва бошқаларнинг Миллий гвардия собиқ ходими А.Рўзимовга нисбатан Хоразм вилоят прокуратураси томонидан асоссиз равишда жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинганлиги ҳақидаги видеоси юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Хоразм вилоят прокуратураси томонидан 16.03.2020 йилда Янгибозор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳининг собиқ катта терговчиси Т.Б.га нисбатан жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорга била туриб сохта маълумотлар киритган ҳолда, ноқонуний равишда жиноят ишини тугатганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Т.Б. яқин дўсти, яъни Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи А.Р. ҳамда жиноят иши тугатилишидан манфаатдор бўлган Урганч шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.А.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жиноят иши ҳужжатларини сохталаштириб, жиноят ишини тугатиш тўғрисида сохта маълумотлар киритилган ноқонуний қарорни расмийлаштирганлар.

Х.А. мазкур жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорга асосан янги очилган ҳолат сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилиб, 20.12.2019 йилда судлов ҳайъатининг ушбу қарорга асосланган ажрими билан 18.10.2017 йилдаги жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг ўзига нисбатан чиқарилган ажрими бекор бўлишига сабабчи бўлиб, оқланган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, 04.06.2020 йилда Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи А.Р.нинг хизмат хонасида ўтказилган тинтувда А.Р. томонидан жиноят содир қилинганлигини тасдиқловчи ашёвий далиллар ва жиноят ишига алоқадор ҳужжатлар топилган.

3.07.2020 йилда А.Р. ЖКнинг 209 ва 28, 230-1-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 04.07.2020 йилдаги ажримига асосан унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. 9.07.2020 йилда гумонланувчи А.Р.га нисбатан ЖКнинг 209, 227 ва 28, 230-1-моддалари билан айб эълон қилинган.

Жиноят ишида А.Р.нинг айби суд техник-криминалистик, суд-хатшунослик ва суд-филология (муаллифшунослик) экспертизаси хулосалари ҳамда тергов давомида тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Шу билан бирга, тергов давомида Янгибозор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳининг собиқ катта терговчиси Т.Б. ҳамда Урганч шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Х.А.ларга Жиноят кодексининг тегишли 209, 227, 230-1-моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажримлари билан тегишли эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Ҳозирда, Хоразм вилоят прокуратураси томонидан А.Р. ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.