Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат монополияси остидаги телевидение (5-қисм)
29.05.2020 22:36,  
864

Хуллас, “Ҳуқуқ ва бурч”нинг жиноят ва жазо тайинлашдаги номутаносибликлар мавзусига бағишланган сонини кўпгина мутахассислар иштирокида студияда ёзиб олдик.* Унда Исфандиёр ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди. Монтаж пайти кўрсатувга ажратилган қирқ дақиқага жамлаш учун фикрларни саралаб олдим. Икки-уч ерда Исфандиёрнинг гапларини бердим.

Мен турк компаниясининг Тошкентдаги ваколатхонасида ишлаганим учун “просмотр”ларга деярли бормасдим. Кўрсатув эфирга кетадиган куни эрталаб соат ўнларда режиссёрим телефон қилиб “тезда телевидениега етиб келинг, бошлиқлар кўрсатувни қайта монтаж қилишни буюришди”, деди.

Ўша пайтларда эл севган хонандалар Шерали Жўраев, Дадахон Ҳасанов каби санъаткорларнинг телевидениеда чиқишига юқоридан тақиқ қўйилганини билардим. Амалдан олинган мансабдор шахслар ҳам шулар жумласига кирарди. Аммо, ҳуқуқшунос-ёзувчига нисбатан тақиқ борлиги хаёлимга ҳам келмаган экан. Бу ҳолат Конституцияга ҳам, амалдаги қонунларга ҳам зид эканлигини ҳамма билар, лекин ҳеч ким ҳеч нарса қилолмасди.

Хуллас, менга Исфандиёрнинг гапларини кесиб ташлаш, у кўринган кадрларни эса бошқа кадрлар билан “ёпиш” топширилди. Бу – aнча қийин ҳамда вақт оладиган жараён. Гапларини қирқиб ташладик, лекин Исфандиёр уч-тўртта одам билан бирга кўриниб қолган кадрларнинг ҳаммаси ёпишни иложи бўлмади.

Ҳукумат бошлиқлари ўрни келганда “бизда қонунлар бор” деб, ўзларини демократ қилиб кўрсатишга устаси фаранг бўлиб кетишган. Аммо, қонунлар ишламаётганини, ишламаслигининг сабаби эса ўзлари эканликларини ҳеч қачон айтишмайди, чунки, айнан ўзлари феодал хонлар каби оғзаки фармойишлар бериб, қонунларни оёқости қилишаётганини жуда яхши билишади.

Кўрсатув эфирга кетгач, Исфандиёр менга телефон қилди. Аҳволни тушунтирдим. У киши танишлари кўрсатувнинг анонсида узоқдан уни ҳам кўришгани учун, “Ҳуқуқ ва бурч”ни томоша қилишгани, “ана энди гапиради, мана энди гапиради” деб, охиригача роса кутишганини кулиб гапириб берди.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга жазо тайинлаш борасида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш зарурлиги ҳақида ўндан ортиқ кўрсатув тайёрладим. Тўртта туркум кўрсатувим “Қамоқ афзалми ёки жарима?” деб номланди. Тошкент Давлат юридик институти Жиноят ҳуқуқи кафедраси бошлиғи Юсуф Рустамбоев уларда фаол қатнашиб, ўз фикрларини очиқча билдирди. Арзимаган айби учун бир йил қамоқда ўтирадиган жиноятчига давлат кунига юз минглаб сўм сарфлашини айтди. Табиийки, аристонлар кўп бўлишидан манфаат кўрадиган харомхўрлар ҳам талайгина.  

(Ю.Рустамбоев кейинчалик юридик институт ректори этиб тайинланди. Ўзи менга айтишича, кўрсатувларда қатнашгани “дода” уни шу лавозимга тайинлашига асос бўлган экан).

Қизиғи шундаки, кўрсатувдан сўнг на прокуратура, на ички ишлар бошқармалари вакиллари мен билан боғланишди! Ҳолбуки, улар қилаётган ишлар ҳақида мулоҳазалар республика телевидениеси орқали узатилаётган ва томошабинлар қизиқиб томоша қилишаётган эди! Зарур бўлганида мазкур органлар вакилларини кўрсатувга чақириш ҳам жуда қийинчилик билан амалга ошарди. Чунки, улар эфир орқали аслида тўғри бўлган, лекин “катта”га ёқмайдиган гап айтиб қўйишдан чўчишарди.

Мен 2004 йили бир халқаро анжуманда сўз олиб, “Ҳуқуқ ва бурч”да қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича жуда кўп таклифлар берганимиз ҳақида гапирсам, Олий Суд вакили “ўзгартишлар сизни кўрсатувингиз сабабли киритилган эмас, биз бу масалани анча йиллардан бери кўриб чиқаётгандик” деб, эътироз билдирганди. Шунинг ўзиёқ, давлат ҳокимияти органлари телевидениега чиқиб, фикрларини очиқ баён қилишдан қанчалик қўрқишини кўрсатади.

Адвокатларнинг юқоридаги мавзуларда дардлари йиғилиб қолгани учун, улар кўрсатувларимда фаол иштирок этишди. Уларнинг фикрлари “қайчиланмаслиги” учун ўзим “просмотр”ларга борар ва бошлиқлар билан тортишардим. Айниқса, Тошкент шаҳар Адвокатлар ассоцияцияси бошлиғи Гулнора Эшонхонова дадил фикрлари билан кўрсатувда кўтарилган муаммолар халққа осонроқ етиб боришига ўз ҳиссасини қўшди.

Гулнора опа бир кўрсатувимда “судьялар озодликдан маҳрум этиш ҳақида жазо тайинлашга жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Чунки, қамоқда яшашнинг ўзи бўлмайди. Чет элда судьялар қамоқ қандай жой эканлигини билишсин деб, тажриба тариқасида уларни бир кун қамоқда сақлашган экан” деб айтганди. Бу гап жудаям машҳур бўлиб кетган, “Гулнорахон телевизорда судьяларни қамаш керак деди” ўлароқ талқин қилинган экан.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг цензура ҳақидаги 7-моддаси умуман ишламайди: “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”.

Қонунларимиз ишлаганида эди, мен кўрсатувни монтаж қилиб бўлгач, шундайлигича эфирга узатилишини кутган бўлардим. Афсуски, журналистлар ҳуқуқлари ўша пайтларда анча чеклаб қўйилиб, умуман эркин ҳаракат қилолмайдиган даражага тушириб қўйилганди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, журналист қайси мавзуни ёритмоқчи эканлиги, кимлардан интервью олмоқчилиги, қайси идораларга бормоқчилигини олдиндан режа асосида раҳбариятга ёзиб бериши шарт. Журналист рамкага солингандан кейин ҳам ўзи хоҳлаган фикрларни эфирга узатолмайди. Агар рамкадан озгина чиққан бўлса, уни чизиқлар ичига қайтариш учун ҳормас-толмас ноқонуний цензурачилар ҳозир-у нозир!

Қонунлар амалда ишламаслиги янгилик эмас. Олий Кенгашнинг 1991 йил 30 сентябрда бошланган ва охирги марта жонли олиб кўрсатилган сессиясида депутат Жўраев “... республикамизда қонунлар бажарилмаяпти” деган. Айни ҳол бугунги кунгача давом этмоқда. Ceccия эса телевидениеда охиригача кўрсатилмай, узиб қўйилган.

Билишимча, марҳум президент И.Каримов бош цензор бўлган экан. Анчадан бери Америкада яшаётган Жаҳонгир Маматов билан суҳбатлашгач, бунга яна бир бор амин бўлдим.

Жаҳонгир ака 1990-йиллар бошларида Ўзбекистон Олий Кенгашига сайланган мустақил депутат бўлган. У пайтлар ЎзМТРКнинг номи Давлат ТВ ва Радио қўмитаси деб аталарди ва вазирлик даражасида эди. Адашмасам, 1991 йили Каримов у кишини қўмитага телевидение бўйича раис ўринбосари қилиб тайинлаган ва ундан шахсан ўзидан оладиган кўрсатмалар асосида манфаатига хизмат қиладиган шаклда телевидение фаолияти юритишини кутган экан. Лекин, мустақил ва халқпарвар депутат “ўзи билганини қилган”.

Жаҳонгир ака айтган битта мисолни келтиришни лозим топдим. Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида катта халқ намойиши бошланиб кетади. Жаҳонгир ака битта телеканал ана шу жараёнларни тўғридан-тўғри олиб кўрсатишини таъминлайди. Ўзбекистон халқи Душанбеда Ленинга қўйилган ҳайкал ағдарилиб ташланишига жонли гувоҳ бўлади. Шунда қаттиқ асабийлашган президент Жаҳонгир акага телефон қилиб, ундан жонли ёйинни шахсан ўзи узиб қўйишини талаб қилади. “Тезда кабелни тортиб, кўрсатувни ўчиринг”, дейди Каримов. Жаҳонгир ака бўлса “мен ўчиролмайман, чунки эфирга узатиш билан алоқа вазирлиги шуғулланади” дейди. Шу тариқа, жонли кўрсатув кечаси билан ҳам давом этади.

Албатта, депутатнинг бундай “ўзбошимчалиги” “катта”га ёқмайди. Бунинг устига, хабарларнинг цензура қилинмай узатилиши ва ҳукумат танқид қилиниши коммунист “йўлбошчи”га умуман маъқул бўлмайди. Жаҳонгир ака айтишича, “отахон” у кишини тизгинлаш учун хонасига куч ишлатиш вазирликлари бошлиқларини юборган!...

Демократик жамиятлар телевидениелари тортишув, суҳбатлашув (ток-шоу – talk show) кўрсатувларини эфирга жонли узатишади. Хабар дастурлари эса юз фоиз жонли кўрсатилади, десам хато бўлмайди. Ўзбекистонда бўлса, асосан, футбол бўйича терма жамоа ўйинлари ёки теннис бўйича “Президент кубоги” жонли олиб кўрсатилган, холос.

Тошкент телемаркази студияларида ҳар қандай кўрсатувни жонли узатиш имкони мавжуд. Бизнинг тележурналистларимиз ҳам бир пайтлар турли минтақалар билан “жонли кўприклар” қилишга қизиқишган. Лекин, техник жиҳатдан буни амалга ошириш имкони бўлмаган.

Мен олдиндан ёзиб олиниб, монтаж қилинган кўрсатувни жонли кўрсатувдан бемалол ажрата оламан. 2000-йиллар бошларида “Ўзбекистон” телеканалида “Бевосита мулоқот” деган кўрсатув бўлиб, унда кўплаб бачкана мавзулар қўлга олинарди. Бир куни ана шу кўрсатувга кўзим тушиб қолди. Студияга одамлар тўпланган, телефон будкалари ўрнатилган, будкалар ичида чиройли қизлар нима қилишини билмай, зерикиб ўтиришибди.

Гўзал қизлар онда-сонда жиринглаган телефонни қулоғига тутиб, гўёки студияга боғланган томошабинларнинг саволларини “ёзиб олишяпти”. Стол атрофида эса саволларга жавоб бериш учун уч-тўртта киши ўтиришибди. Бошловчи ҳар икки гапнинг бирида “студиямизга қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин” деб, телефон рақамларини ҳам эслатиб қўяди. Орада бир телефонда “жонли боғланган томошабин” саволини “ҳижжалаб ўқиб беради”. Қисқаси – шармандалик!

Кўрсатув ёзиб олинганини англашим учун бир неча дақиқа кифоя қилганди. Уни қаранг-ки, 2003 йили ана шу “жонли кўрсатув” бошловчиси мени ҳам ҳуқуқшунос сифатида “Бевосита мулоқот”га таклиф қилса бўладими!? Телевидениеда оғзаки буйруқлар Олий Мажлис қабул қилган қонунлардан устун бўлганлиги, бу ишларнинг бошида “то президентнинг ўзи турганлиги” учун, мен ҳам эътироз билдиролмаганман.

Ҳеч бўлмаса ўз фикримни тегишли рамка ичида халққа етказишга имкон берилгани учун қатнашишга рози бўлганман. Чунки, адашмасам, у пайтга келиб “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатуви мендан олиб қўйилган, буни биринчи канал журналистлари билишмасди. Кўрсатув эфирга “жонли, бевосита” узатилишидан бир кун ёзиб олинган.

“Ўзбекистон” телеканалидаги ёлғон “жонли кўрсатувлар”дан илҳомланган “Давр”чилар Хайрулла Нуриддинов бошчилигида бундай шармандаликни жонли кўприклар учун синаб кўришган.

Чамаси, 2002 йил эди. Бир куни қарасам, “Давр ҳафта ичида” дастурида Х.Нуриддинов студияда ўтириб, “ҳозир Сурхондарёдаги мухбиримиз билан тўғридан-тўғри боғланамиз” деб қолди. Аввалига “Давр” доим олдиндан ёзиб олиниб, эфирга берилади-ку, нега жонли боғланамиз деяпти?”деб хайрон бўлдим. Кейин “ахийри бизга ҳам жонли уланишлар етиб келибди-да” деб, қизиқиб кўра бошладим.

Не кўз билан кўрай-ки, “жонли уланиш” олдиндан ёзиб олинган экан! Саволлар олдиндан мухбирга бериб қўйилган, мухбир гўёки Тошкентдаги студияда ўтирган бошловчининг саволларига жавоб берарди. Тошкентда аллақачон оқшом тушган бўлишига қарамай, Сурхондарёдаги мухбир турган жойда қуёш чарақлаб турарди!

Нима ҳам дердик, орзуга айб йўқ.

2017 йили президент Шавкат Мирзиёев фармони асосида кун-у тун ишлайдиган “O’zbekiston-24” информацион канали ташкил қилинди. ЎзМТРКдаги “Диёр” канали тугатилиб, ўрнига мустақиллик байрамидан бошлаб янги канал эфирга чиқа бошлади. Канал янгиликларни  эфирга жонли узатиши кўзда тутилган бўлиб, аслида, бу мамлакатнинг мустақилликдан кейинга тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўларди!

Шуни алоҳида таъкидлаш зарур-ки, ҳатто шўролар даврида ҳам “Ахборот” дастури эфирга жонли узатиларди. Мен ўзим “Ахборот”дан кейин бериладиган жонли концертларда қатнашганим учун буни жуда яхши биламан. Умуман олганда, шўролар даврида жонли эфирлар анча кўп бўлган экан.

Яна катта янгиликлардан бири – янги канал чет элларда ўз мухбирлик пунктларига эга бўлар экан! (Изоҳ: орадан уч йил ўтди, лекин бу нарса амалга ошдими, ошмадими – буниси менга қоронғи). Асосий вазифаларга аҳолини мамлакат ичида ва чет элларда турли соҳаларда юз бераётган воқеалар борасида ҳаққоний, таҳлилий ва тезкор маълумот билан таъминлаш киради. Мен ўзим Ўзбекистонда яшаган пайтларим чет эллардаги телевидение ва радиоларга телефон орқали бир неча марта жонли интервьюлар бергандим.

2017 йили қуйидаги саволларни кўндаланг қўйган эканман: Янги телеканал тезкор ахборот олиш ва таҳлил қилиш учун тақдир тақазоси билан чет элларда яшаётган биз каби журналистлар хизматидан фойдаланадими? Ҳозирги ҳукумат бунга йўл берармикин? Ёки, қонун у ёқда қолиб, яна журналистларни “рамкага солиб қўярмикин? Бир пайтлар ёлғон “жонли уланиш”ни эфирга узатган, ҳозирда эса ЎзМТРК раиси ўринбосари Хайрулла Нуриддинов бу ишларни қандай ташкиллаштирар экан?

2020 йилга келиб, “O’zbekiston-24” телеканали “Ахборот” каби “жаннатдан хабарлар” бераётгани, эски услубда ишлаб, лотин ёзувига ўтмаганлиги ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқид қилинмоқда. Айниқса, МТРК фаолияти учун бюджетдан 40 миллион долларга тенг маблағ ажратилиши норозиликка сабаб бўлмоқда.

 (давоми бор)

*2017 йил май. Жузъий қўшимчалар киритилди.

Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (2-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (3-қисм)

Давлат монополияси остидаги телевидение (4-қисм)

Видео илова:

Хонанда Абдулазиз Каримнинг интервьюси ва икки фуқаролик ҳақида видеоблогим:

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан