Давлатлараро ўйин қоидалари ўзгармоқда: Яшил иқтисодиёт

Давлатлараро ўйин қоидалари ўзгармоқда: Яшил иқтисодиёт

Айни кунларда кўплаб давлатларда экология ва атроф-муҳитнинг ёмонлашуви инсонлар соғлигига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Айниқса, бу кўрсаткич янги саноатлашган давлатларда – Хитой, Ҳиндистон, Малайзия кабилардан тортиб то саноат ривожига катта урғу бериш орқали эндигина ривожланаётган Бангладеш, Монголия, Индонезия каби давлатларда ҳам юқори ҳисобланади. Шундай экан савол туғилади: иқтисодиёт ривожи учун атроф-муҳитни қурбон қилишимиз керакми? Ёки қандайдир иккинчи танлов ҳам мавжудми? Яшил иқтисодиёт бунга ечим бўла оладими?

Профессорим билан қизиқ бир савол-жавоб бўлиб ўтди:

Айтайлик, Корея сўнгги 10 йиллик ичида божхона тўловлари сезиларли даражада пастлатилган (ёки умуман олиб ташланган) эркин савдо бўйича жуда кўп давлатлар билан шартномалар имзолади (52 та давлат билан). Бунинг натижасида ташқи савдо айланмаса янада ўсди. Корейс ишлаб чиқарувчилари янада кўпроқ экспорт қилишга киришиб кетдилар. Эркин савдо шартномалари давлатга иқтисодий жиҳатдан кўп фойда келтирди. Лекин, айнан мана шу ишлаб чиқаришнинг кўпайганлиги саноатнинг ўсишига бу эса атроф муҳитга ўз таъсирини ўтказди. Мана шу оқибатларни ҳам аниқлаб бера оладиган иқтисодий модель борми?

— Бор, албатта! Нафақат аниқлайди, ҳатто баъзи кўрсаткичларни таҳлил қилиш орқали атроф муҳитнинг ёмонлашуви қандай қилиб аҳолининг ишлаш самарадорлигига таъсирини ҳам аниқлаб беради. Саноатнинг ривожланиши, албатта, маълум бир даражада атроф-муҳитга салбий таъсири кўрсатади. Натижада, аҳоли соғлиги ёмонлашади. Бу эса аҳолининг ишлаб чиқариш самарадорлигига ўз таъсирини ўтказади. Оқибатда эса бутун бошли иқтисодиётга бу қимматга тушиши мумкин (расмга қаранг).

Албатта, бу қисқагина савол-жавоб бизга глобал ўйинлар ҳақида ҳамма ахборотни бера олмайди. Лекин, ўша катта иқтисодий ўйинларнинг йўналиши ўзгараётганига нималарнидир ишора қилиб ўтади.

Ўйин ўзгардими ёки ўйин қоидалари ўзгардими?

Давлатлараро олдингидек миқдор учун эмас, сифат учун кураш бошланиб кетди. «Ўзини билган» ривожланган давлатлар иқтисодиётни жамият ва табиат билан ҳамкорликда олиб бориш кераклигини анча олдин англаб етдилар. Бунда, эътибор нафақат иқтисодиётнинг ўзига балки жамият ва табиатга ҳам бериладики, бу уч куч (иқтисодиёт, жамият ва табиат) бирлашган нуқтада барқарорлик вужудга келади (қуйидаги расмга қаранг). Айнан мана шу ҳудуд иқтисодиётга ҳам, жамиятга ҳам, табиатга ҳам имкон борича максимал фойда ва минимал зарарни олиб келади.

Демак, ўйин ўзгармади! Ўша-ўша ҳамма фойда олиш дардида. Фақатгина фойда олишнинг йўллари, қоидалари ўзгарди, холос: Ривожланиш учун ўз ерингдан фойдаланишинг шарт эмас. Қўшнингнинг еридан фойдалан!

Хўш, Яшил Иқтисодиёт нима ўзи?

Яшил иқтисодиёт атамаси 1989 йилда Буюк Британиялик атроф-муҳит иқтисодчилари томонидан фанга киритилган бўлиб, баъзида Яшил Ўсиш (Green Growth) атамаси билан ҳам бирга ишлатилади. Яшил иқтисодиёт - бу инсоният ва табиат ўртасидаги уйғун ўзаро таъсирни қўллаб-қувватлайдиган ва бир вақтнинг ўзида ҳар иккала эҳтиёжни бирдай қондиришга ҳаракат қиладиган иқтисодиётнинг методологиясидир. (Содда тил билан ўз ҳолатимизга мослаб айтадиган бўлсак ўз роҳатингизни ўйлаб мебель учун исталган жойдаги дарахтларни кесавермаслигингиздир.)

Хўш, «ўзини билган» давлатлар нима қилаётган экан бу борада?

Юқорида ишора қилганимиздек, жуда кўп ривожланган давлатлар отга қамчини аллақачон уриб бўлишган (фанга 40-50 йил олдин кириб келган, ахир). Айни пайтда, тез, арзон ва катта кўламдаги юкларни қисқа вақт ичида дунёнинг у бурчагидан бу бурчагига олиб бориб қўя оладиган логистика хизматлари шарофати билан америкалик бир тадбиркор ўз ишлаб чиқаришини Вьетнамда бемалол амалга оширмоқда. Бу шунга далолат қиладики, иқтисодий жиҳатдан ривожланиш албатта ўз ерингда бўлиши шарт эмас (чунки, «ҳаётда нимагадир эришиш учун нимадандир кечиш керак» деган олтин қоидага кўра ишлаб чиқаришнинг кўпайиши маълум бир даражада атроф муҳитга ҳам ўз таъсирини ўтказади). Шундай шарт-шароитлар яратгинки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўшнининг еридан фойдаланишсин. Албатта, бунда ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга бўлган зарарни олдини олиш мақсадида қўйилган юқори талаблар ишлаб чиқарувчиларни икки йўлдан бирини танлашга мажбур қилади:

  • атроф-муҳитга камроқ зарар келтирадиган ишлаб чиқариш технологияси устида ишлаш (албатта, бу вақт ва катта харажат талаб қилади)
  • ёки атроф-муҳитга зарар келтиришнинг олдини оладиган қонун-қоидаларга ҳалигача эга бўлмаган ёки талаблари унча ҳам қаттиқ бўлмаган давлатларга «инвестиция киритиш» («оутсоурcинг» сифатида кириб бориш).

Ҳар иккала ҳолатда ҳам ривожланган давлат ютади. Қолганлар эса қисқа муддат ичида (янги иш ўринлари пайдо бўлганлиги сабабидан) ютгани билан, узоқ муддатда (табиатга ва инсонлар соғлигига етказилган зарарлар сабабидан) ютқазадилар.

Қизиқ томони шундаки, жуда кўп ривожланган давлатлар саноат уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишига йўл қўйишмаётган бўлсада, машиналар шаҳар ҳавосини булғаётганидан хавотирда. Шунинг учун электр токида юрадиган машиналар ишлаб чиқаришига зўр беришмоқда. Лекин, охир-оқибат калтак яна эндигина ривожланаётган давлатлар бошида синаётгандек. Электрик машиналар қувватига ишлатиладиган кобальт номли хом-ашёнинг қарийб 70 фоизи Конго Демократик Республикасида ишлаб чиқарилади: арзон иш кучи, болалар меҳнати, атроф-муҳит ҳимоясининг деярли эътиборга олинмаслиги, қийин меҳнат шароити...

Ўзбекистон бу борада нима қилиши керак?

Тан олиш керак, сўнги 2-3 йил ичидагина Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти билан чинакамига интеграциялашиш учун бел боғлади. Қандай бўлса ҳам инвесторларни жалб қилишга киришиб кетилди. Лекин, унутмаслигимиз керакки, асосий мақсадимиз инвесторларни жалб қилишгина эмас, балки уларнинг фаолиятлари атроф-муҳитга қай даражада таъсир ўтказаётганини ҳам баҳолаш ва шунга яраша ўз талабларимизни ҳам қўя олишимиздир. Чунки, инвесторлар ўз ортларидан нафақат иқтисодий фойда, балки атроф-муҳитга зарарни ҳам қолдириб кетишлари мумкин. Бунинг учун:

  • Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш арафасида турган юртимиз ЖСТ аъзо бўлгандан сўнг қандай иқтисодий ва ижтимоий ютуқ ва камчиликларга эришар экан деган таҳлил билан бир қаторда атроф-муҳитга қандай таъсири бўлар экан деган саволни ҳам ўртага қўйишимиз керак. (Бу борада ЖСТнинг «Савдо ва Атроф-муҳит» ҳамда «Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисида келишув» шартномаларига етарлича эътибор берилиши керак.)
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Барқарор Ривожланиш Мақсадлари» (Sustainable Development Goals) лойиҳалари ҳамда бошқа атроф-муҳитни ҳимояси учун ташкил қилинган халқаро шартномаларнинг (Paris Agreement, 2015) актив иштирокчиларидан бири бўлиш лозим.
  • Шу билан бирга қўшниларимиз билан ҳам бу борада ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак. Масалани бир ҳудуднинг ўзи билан ҳал қилиб бўлмайди! Балки, бутун бир минтақа бир ёқадан бош чиқариши лозим. Чунки, атроф-муҳит ифлосланиши чегарадан визасиз ўтиб кетаверади!
  • Бир нечта ўқув юртларида Халқаро савдо ҳамда Барқарор бошқарув факультетларини имкон борича тезроқ очиш керак. (Чунки, савдо шартномалари уларни имзолаш билангина ўз мевасини беравермайди. Бу шартномаларни тушуна оладиган ва амалда қўллай оладиган кадрларга эҳтиёж катта. Афсуски, бутун Ўзбекистонда ҳали бирорта ҳам Халқаро савдо деган факультет мавжуд эмас!)
  • Ўзбекистон Республикаси экология ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида доимо узвий боғлиқлик ва ҳамкорликни яратиш лозим. Бу ташкилотлар ва бошқа давлат ташкилотлар билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқ керак. Бу ҳамкорликларни Президент қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг бир қисми сифати кўрилса ҳам бўлади.

Хулоса, қилиб айтганда давлатлараро иқтисодий ўйинларнинг мақсади ўзгармайди (фойда асосий мақсадлигича қолаверади). Ўйин қоидалари эса замонга қараб ўзгариб туради (фойда олиш йўллари ўзгаради). Қисқа муддатли фойда олиш мақсадида узоқ муддатли зарарни ўз бўйнимизга олмаслигимиз даркор. Чунки, иқтисодиётининг ривожи халқининг меҳнат самарадорлиги билан доим боғлиқ. Самарадорлик эса атроф-муҳитнинг ҳолатига кўра турлича бўлиб турадиган биологик мавжудот – биз инсонларнинг соғлигига узвий боғлангандир. Шундай экан, аввал иқтисод кейин сиёсат эмас балки бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодиёт, ҳам жамият, ҳам атроф-муҳитга бирдек эътибор берилиши керак.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.