Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Элдор Шомуродов билан суҳбат: “Бунёдкор”да қўй сўйиб, қурбонлик қилганмиз
28.11.2019 14:25,  
1228

Matchtv.ru нашри мухбирлари футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Россиядаги "Ростов" футбол клуби ҳужумчиси, 24 ёшли Элдор Шомуродов билан учрашиб, ундан интервю олди.

Камтар, камгап, кулиб турувчи, камсуқум йигит. Ўзининг қадрдон яшил паспорти билан хонасидан тушиб келган Элдор уни ҳатто беш юлдузли меҳмонхонада ҳам қаровсиз қолдиришга қўрқади. У билан ватани, ош, пахта териш, Қашқадарё дербиси, голсиз ўтган ўйинлари, қурбонлик, дўппи ва ҳаётдан бўлган мақсад ҳақида гаплашдик.

– Сизни кутиб ўтирганимда ўқиб қолдим: The Guardian дунё бўйича энг яхши ўйинчига овоз бериш учун 300 нафар футболчининг рўйхатини чоп қилибди. Уларнинг орасида Россия лигасидан етти киши бор: Марио Фернандес, ака-ука Миранчуклар, Криховяк, Дзюба, Бакаев ва Шомуродов. Бунга фикрингиз қандай?

– Сиз айтишингиздан олдин бу ҳақда эшитмагандим. Мени рўйхатда қайд қилишгани ёқди.

– Исмингиз Элдорми, Эльдорми?

– Юмшатиш белгиси бор.

– Ҳозир Ўзбекистонда рус тили ўқитиладими?

– Барча макатабларда инглиз ва рус тилларини ўқиш мажбурий.

Жозе Моуриньо билан/https://instagram.com/shomurodov/.eldor

– Ҳаа, Герман Ткаченко сизларни кўриштирганида Жозе Моуриньо билан қайси тилда гаплашганингиз энди аниқ бўлди.

– Мен у билан деярли гаплашганим ҳам йўқ, аслида.

– У-чи, у сиз билан гаплашдими?

– Ҳа, инглиз тилида. Таржимон орқали гаплашди. “Салом, ишларинг яхшими?” – шунга ўхшаш гаплар бўлди.

– Сизнинг ватанингиз 20 минг киши яшайдиган Жарқўрғон шаҳри. Одамлар у ерда нима билан шуғулланишади?

– Ҳар хил, ҳамманинг ўз иши бор. Кимдир далада, кимдир йирик нефт заводида ишлайди.

– Билишимча, Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари пахтага чиқади. Сиз ҳам терганмисиз?

– Ҳозир ўқувчиларни пахтага чиқаришни бекор қилишган. Аммо мен ўз вақтида пахта терганман.

– Қийинми?

– Болаликда пахта териш худди ўйиндек бўлган. Белгиланган норма қанча бўлганини эслолмайман. Лекин қанча кўп пахта терилса, шунча яхши бўларди.

– Терилган пахта қоплаб ўлчанармиди?

– Килограммлаб ўлчанади. Пахта толаси енгил бўлади, сиз узоқ вақт давомида пахта терасиз, терилган пахта эса енгил тош босади. Баъзида кўпроқ тош босиши учун этакнинг тагига ҳўл пахта солиб қўярдик.

– Ҳа, машҳур ўзбекча “қўшиб-ёзиш”-ку. Ўзбекистоннинг қайси вилоятидаги ош ширинроқ бўлади? Самарқанд? Тошкент?

– “Тўй оши” деб аталадиган ош бор. Ана ўша ош қаерда тайёрланишидан қатъи назар менга кўпроқ ёқади. Бизда исталган чойхонада мазали ош тайёрлашни билишади.

– Лекин тайёрлаш услуби фарқ қилади, тўғрими?

– Самарқандча ошда сабзи гуручдан алоҳида, тепада туради. Тўй ошларида эса турли қўшимча масаллиқлар бўлади.

– Сиз Ростовда ватандошларингиз очган чойхонани топибсиз. У ерда ошни яхши қилишадими?

– Жуда зўр. Уни қандай қилишларини билмайман, ошхоналарни унчалик ажратавермайман, аммо оши жуда мазали. Демак, ҳаммаси тўғри қилинган.

– Ошни стулда ўтириб еса мазалироқ бўладими, ёки ўзбекона тарзда ерда ўтирибми?

– Мен доим стулда ўтириб ейман: мазали.

– Санчқидами, қўлдами?

– Қошиқда ейман.

– Ўзбекистоннинг ҳамма жойида қовунлар бир хилми?

– Жиззах ва Сирдарёники энг яхшиси, ширин ва серсув бўлади.

– “Ростов”нинг менюсида чўчқа гўшти бор-йўқлигини қандай биласиз?

– Баъзида сўраб оламан, баъзида ошпазларнинг ўзи айтади. Бунга доим амал қиламан: чўчқа гўштини емайман!

– Мусулмонларга фарз бўлган рўзани тутасизми?

– Имкони бўлмаяпти. Кун бўйи, айниқса, иссиқ кунлари сув ичмай машқ қилиш жуда қийин.

– Жарқўрғонда тоғ борми?

– Сурхондарёда, биздан узоқ бўлмаган жойда тоғ бор. Тўғри, Ҳимолай каби баланд эмас, қор фақат қишда кўринади. Болалигимда тоққа чиқардим, у ерда бутун мамлакатга таниқли бўлган шифобахш булоқ (Омонхона) бор. Одамлар бориб чўмилади, ичади ва сувидан уйига ҳам олиб кетади.

– Сурхондарё дарёси каттами?

– Ҳозир унчалик катта эмас, суви камайиб кетган. Балиқ ҳам деярли қолмаган. Аммо болалигимда ўша дарёда чўмилардик. Ҳозир билмайман, балки, ҳали ҳам сувга шўнғиса бўлар.

– Иссиқда чой ичиб, тўн кийиб юришадими?

– Ҳа, бизда иссиқда ҳам чой ичишади. Аммо тўн кийиш шарт эмас, у билан одам совиб қолмайди.

– Ҳақиқий ўзбекда нечта дўппи бўлиши керак?

– Битта. Байрам ва маросимлар учун алоҳида дўппи йўқ, ҳар қандайи мос тушиб кетаверади.

– Сиз туғилган жойдан бироз нарида афғон чегараси. Пуштунчани биласизми?

– Билмайман. Бу умуман бошқа тил. Ўзбек тилига ўхшамайди.

– Муборакнинг “Машъал” клубига ўтишингиз учун амакингиз, ҳозирда футболчилик фаолиятини якунлаган Илҳом Шомуродов ёрдам берган, дейишади.

– Йўқ, мени академиянинг селекционери пайқаб қолган. У қачонлардир отамга ҳам мураббийлик қилган.

– Сизга футбол техникасини ўша ерда ўргатишдими, ёки бу туғма иқтидорми?

– Иқтидор. Мен барчаси туғма бўлади, деб ўйлайман. Мураббийлар эса уни ривожлантириши мумкин. Академияда кўп нарсани ўргатишган: тўпни қандай қабул қилиш, тўхтатиш, оёқда ушлаб туриш. Аммо агар уларда мен ҳақимда олдиндан қандайдир маълумот бўлмаганида академияга қабул қилишмаган бўларди.

– “Ростов”га илк келган пайтингизда сизда ҳамма нарса бўла туриб, нега қулай вазиятлардан ҳам гол ура олмагансиз?

– Ҳаяжон, ишончсизлик туфайли. Атрофдагиларга ёқишни истаганман, хавотир олганман.

– Шунинг учун Ўзбекистонда тўлақонли ҳужумчи эмасмидингиз?

– Кўпроқ орқароқда, 4-3-3 схемасида чап қанотда ўйнардим. Ҳозир терма жамоада ҳам, клубда ҳам марказий ҳужумчиман.

– Валерий Карпин сизни қанот ҳимоячиси ўрнида ўйнатган вақти ҳам бўлди. Унинг бу қароридан ҳайрон бўлдингизми?

– Бу иккинчи лигадаги “Сизрани”га қарши кубок ўйини эди. Тўғри, ҳимоядан кўра олдинги қаторда кўпроқ ўйнайман. Ҳисобни очдим, 4:0 га ютдик. Рақиб деярли ҳужум қилмади, шунинг учун мураббий шундай қарор қабул қилди. Лекин менинг позициям – ҳужумчилик.

– Қашқадарё дербиси бўлган “Насаф” (Қарши) – “Машъал” (Муборак) ўйинида қатнашганмисиз?

– Ҳа, қатнашганман. Бир вақтлар бундай ўйинларга жуда кўп томошабин келарди, ҳозир бу икки жамоа бошқа-бошқа лигада.

– Жуда кўп – бу қанча?

– Муборак кичкина шаҳар, у ерда 5-7 минг киши яшайди. Қаршида ҳамма футболни яхши кўради, у ерда аҳоли ҳам анча кўп. Бу ўйинларга кўп томошабин келиши бизнинг ҳолатимизда диққатга сазовор воқеа. Яна ҳеч қандай тартибсизлик бўлмайди, барчаси тинч, дўстона ўтади.

– “Ростов”га келишдан олдин Одил Аҳмедов билан маслаҳатлашганмисиз?

– Айнан “Ростов” бўйича йўқ, аммо Россия ҳақида ундан кўп нарса сўраганман, чунки бу ерда ўйнашни орзу қилардим. Одил: “Бориш керак”, деган.

– Одил Аҳмедов миллий терма жамоа учун 20 та гол урган. Сизда эса 16 та. Аҳмедовдан ўзиб кетиш мақсадингиз борми?

– Менинг мақсадим тарихга кириш.

– Ўзбек футболида одат бўлган қурбонлик маросимларида қатнашганмиисз?

– “Машъал”да эслолмайман. “Бунёдкор”да қатнашганман. Мавсум бошланишидан олдин футбол майдони яқинида қўй сўйиб, қонини чуқурга оқизганмиз.

– Ўзингиз ҳам бирон марта ниманидир сўйганмисиз?

– Йўқ, ҳеч қачон. Уйдагилар мол боқарди, аммо менга сўйишни таклиф қилишмаган.

– Сизда ҳалигача ҳеч қандай соврин йўқ, на Ўзбекистонда, на Россияда. Шу вазиятда “Спартак”ка қарши иккинчи таркибда ўйнаш хафа қилмадими?

– Менда соврин йўқлиги ҳақида тез-тез ўйлайман. Лекин ҳозир энг асосийси – ривожланиш. Ўзбекистонда қолсам, совринлар ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо мен кўпроғини истадим. Аввало ўзимнинг энг юқори даражамга чиқишим керак.

– “Спартак”ка қарши ўтган ўша кубок ўйинида Карпин сизни ўйин тугашига ярим соат қолганида майдонга туширганида “Югур, қизиб ол, яқинда “Краснодар” билан ўйин бўлади”, дедими?

– Албатта ундай дегани йўқ. Модомики, ўйинга тушар экансан, гол уришинг, жамоага ёрдам беришинг шарт.

– Маошлар кечикиши билан боғлиқ вазият сизни ташвишлантирмаяптими?

– Бу саволга жавоб берадиган одамлар бор. Кечикишлар ҳақида ўйламаяпман.

– Тўғри, ўйламаслик мумкин. Аммо чойхонада ош учун нимадир тўлаш керак-ку?

– Бахтимга ошга етарли пулим бор. Кейин у ерда овқатлар қиммат ҳам эмас.

– Сиз уйланмагансиз. Биронта қиз билан гаплашиб юрасизми?

– Бу ҳақда гапиришни истамайман.

– Ростовда бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

– Кинога, ёки ресторанга боришим мумкин. Фақат ўзбек эмас, рус ошхоналарини ҳам яхши кўраман.

– Клубда беш турдан бери гол ура олмаяпсиз. Нега?

– Сабаби йўқ, муаммолар ҳам йўқ. Шундай ҳам бўлиб туради. Агар шу тарзда ишлашда давом этсам, гол ҳам бўлади.

– “Ростов”да ўтган икки йил давомида бошқа клубга ўтиш ҳақида таклифлар бўлдими?

– Агар шундай таклифлар бўлганида билган бўлардим.

– Агентингиз Қаҳҳор Мўминов ЦСКА ва “Штутгарт”дан таклиф бўлгани ҳақида айтганди.

– Агар шундай деган бўлса, унда таклиф бўлган.

– Шарқона жавоб. Қишни кутиш керакми?

– Ҳа.

Муҳаммад Салоҳ билан/https://instagram.com/shomurodov/.eldor

– Моуриньодан ташқари Муҳаммад Салоҳ билан ҳам расмга тушгансиз. Қаерда учрашгандингиз?

– Испаниядаги йиғинда битта меҳмонхонада тургандик.

– Оммавий ахборот воситаларида Ростовдаги таксилардан бирида пул ва ҳужжатларингизни унутиб қолдирганингиз ҳақида ёзишганди. Бу воқеа нима билан тугаган?

– Ҳужжатлар топилди, пул йўқ. Такси ҳайдовчиси пулни олмаганини айтди. Бўпти, демак, олмаган экан, деб ҳисоблаймиз.

– “Ростов”нинг мусобақаларда ҳозиргидек қатнашаётгани сизни қониқтирадими?

– Мураббий ҳар битта ўйинда ютишимиз, умуман олганда, еврокубокларга чиқишимиз кераклиги ҳақида айтади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан