Юрт бошига келган вабони ўзи билан олиб кетган эшон

Юрт бошига келган вабони ўзи билан олиб кетган эшон

meros.uz

Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг аждодлари ҳақидаги хотираларини ҳавола этамиз

Ҳар кимнинг аждодлари орасида улуғ инсонлар бўлиши мумкин. Мен ҳам тарихда эзгу ишлар билан ном қолдирган бобокалонларим билан фахрланаман ва бу ҳақида айтсам газетхонлар тўғри тушунади, деган умиддаман.

Тошкентда, Олий Мажлис биноси ёнида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғида қадимий мадраса бор — Абулқосимхон мадрасаси. Бу мадрасани 1850 йили бунёд этган зоти шариф —  Абулқосимхон эшон менинг бабокалоним бўлган эканлар.

Абулқосимхон эшон 1865 йилда Чор Россияси Тошкентни истило қилганида, шаҳар ҳимоячилари сафида бўлган.

Ўша пайтда чиқадиган «Туркистон вилояти газети»нинг муҳаррири, тарихчи олим Николай Остроумов ўзининг бир қанча китобларида Тошкентдаги ёрқин сиймолар, жумладан, Абулқосимхон эшон ҳақида ғалати ва қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. У 1885 йили Абулқосимхон эшон билан қилган суҳбати ҳақида бундай деб ёзади: «Мен у киши билан турли масалалар ҳиқида икки соат суҳбатлашдим. Ўзи олим киши бўлгани учун ўқувчиларга тарбия бериш ниятида ўз ёнидан ўттиз минг сўмга яқин пул сарфлаб, Бешёғоч даҳасидаги ҳовлиси ёнида пишиқ ғиштдан мадраса бино этган. Мадрасада баъзан юз, баъзан эллик талаба ўқиши учун йилига икки минг сўм сарфлайди. Мен Туркистон генерал-губернаторининг ижозат билан 1885 йил 22 июнда ўлкада дарахтлар ва гулларни яхши парвариш қилиш борасида кўргазма уюштираётганимизни айтганимда Абулқосимхон эшон «Дарвоқе, деҳқончиликка машғул бўлмоқ Худойи таолонинг кароматидур. Марҳум қиблагоҳимдан менга пул қолган эмас. Мазкур мадрасани ва анда бўладурғон тамомий харажатларни деҳқончиликдан ҳосил қилиб турибман», деб бизга жавоб қайтарди…»

Остроумов у зоти шарифнинг яна бир ибратли фикрини ёзиб қолдиради:

«Одамзотнинг нафси таомсиз ўлганидек, илмсиз одамнинг дили ўликдир!»

1892 йили Тошкентда вабо касали тарқалади. Муттасил кўпайиб бораётган солиқлардан тинкаси қуриган, истилолар зўравонлигидан тоқати тоқ бўлган халққа вабо ортиқча эди. Шунданми, халқ оёққа туради. Шу тариқа «Вабо қўзғолони» номи билан тарихга кирган миллий озодлик ҳаракати бошланади. Чор лашкарлари Эски шаҳарга бостириб киради. Шунда Абулқосимхон эшон муқаррар ўлимни бўйнига олиб, генерал-губернатор Вревскийга жуда мантиқли ариза ёзиб, қабулига киради. Унга бу икки томон учун ҳам фожеага олиб келишини англатади. Шу тариқа чор аскарлари шаҳардан олиб чиқилади.

Яна бир ибратли воқеа. 1892 йил 30 июн куни Абулқосимхон эшон Хўжа Аҳрор Жоме масжидида минг-минглаб одамлар олдида «Тарихда Шоҳ Бобур ўғли Ҳумоюн ўлимини Аллоҳдан тилаб олади. Мен Аллоҳдан вабо балосини ўзимга тилаб олмоқчиман», дейди.

Бу ҳайратомуз ҳодиса Н.Остроумовнинг «Фон Кауфман — Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси» китобида шундай тасвирланади: «Мункиллаган ёшда сўнгги кунлардаги воқелардан («Вабо қўзғолони»дан, демоқчи) қаттиқ ларзага тушган муҳтарам Абулқосимхон шундан сўнг тезда — 4 июлда вабо касаллигидан вафот этди. Қизиқарлиси шундаки, шундан кейин вабо барҳам топганини тошкентлик сартлар унинг вафотига нисбат беришди…»

vatandosh.uz