Ҳафта суратлари: Бағдодийнинг ўлими, Ҳасакиядаги қамоқ лагери, Чили ва Ироқ намойишлари, Катманду манзараси

Ҳафта суратлари: Бағдодийнинг ўлими, Ҳасакиядаги қамоқ лагери, Чили ва Ироқ намойишлари, Катманду манзараси

Ўтган ҳафтада “Ислом Давлати” етакчиси Абу Бакр Бағдодий қўним топган қўрғон қандай йўқ қилингани намойиш этилди, Англиянинг Эссекс графлигидаги авторефрижератор ичидан топилган қурбонларнинг барчаси Вьетнам фуқаролари эканлиги маълум бўлди, Чили ва Ироқда аксилҳукумат намойишлар авжига чиқди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Кучли шамол Винзор ҳудудидаги ёнғинларни борган сари авж олдиряпти. ҳозиргача Кинкейд ёнғини номи билан аталаётган табиий офат туфайли 75 000 акр ердаги ўрмон ёниб битди. Бу Сан-Франциско шаҳридан 2 баравар катта ҳудуд дегани. Калифорния штати, АҚШ.

Асосан ёшлар қатнашаётган Ироқдаги аксилҳукумат намойишларда талабалар Басрадаги ўз университетлари олдида йиғилган. Ироқда ўтган ой охирида қайтадан авж олган намойишлар ишсизлик ва коррупцияни йўқотиш талабларидан ҳукуматни ўзгартириш даражасига ўсиб чиқди.

Сурия шимоли-шарқидаги Ҳасакия шаҳрида жойлашган, “Ислом Давлати”га аъзоликда гумонланганлар тўпланган қамоқ лагери. Бу ва бошқа қамоқ лагерларини назорат қилувчи курд ҳарбийларига кўра жами 12 000 га яқин киши ҳозирда шундай жойларда тутиб турилибди, уларнинг орасида сурия ва ироқликлардан ташқари 54 та хорижий давлат фуқаролари бор.

АҚШ Мудофаа вазирлиги тарқатган видеодан олинган бу суратда Ислом Давлатининг собиқ етакчиси Абу Бакр Бағдодий яширингани айтилган Суриянинг Бариша шаҳридаги қўрғон тасвирланган. Пентагоннинг билдиришича, бу сурат олинганидан бир неча дақиқа ўтиб Бағдодий америкалик ҳарбийлар қўлига тушмаслик учун ўзини портлатиб юборган, кейин эса АҚШ қирувчи самолётлари ташлаган бомба бинони тўлиқ вайрон қилган.

Суриялик бола мамлакат шимоли-шарқидаги, Туркия билан чегарадош Қаҳтония шаҳри яқинида қўриқчилик қилаётган АҚШ зирҳли техникасини томоша қиляпти. АҚШ ҳарбий кучлари бу ҳудудни курд ҳарбийлари билан биргаликда қўриқлаяпти.

Ҳар йили Тофта аэропорти ёнида ўтадиган, Катта Готланд миллий мотопойгаси иштирокчиларидан бири. Висби шаҳри яқини, Швеция.

Ўтган ҳафта Франциянинг океанорти ҳудуди Реюнёнда отилган вулқон лаваси Ҳинд океанига қараб оқиб боряпти.

Чилида ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатига қарши тўхтовсиз норозилик билдираётган намойишчилар пойтахт Сантягодаги полиция билан тўқнашувлар вақтида тахта тўсиқлар ортида ҳимояланяпти. Президент Себастян Пинера бир неча ҳафтадан буён давом этаётган намойишлар манзарасида ҳукумат аъзоларининг катта қисмини ўзгартирди, аммо бу муаммога ечим бўлмади.

Ҳўкиз қўшилган арава Жапанма бандаргоҳида турган қайиқдан юк ортиб соҳилга чиқиб кетяпти. Кяукфю, Мянма (Бирма).

Филиппинликлар “Барча авлиёлар куни”да дунёдан ўтган қариндошлари ва яқинларининг қабрини зиёрат қилиш учун Маниладаги умумий қабристон зиёратига келади. Шаҳарнинг қашшоқ минтақаларида жой етишмовчилиги муаммоси туфайли қабрлар шу тарзда устма-уст қўйилади.

Англиянинг Эссекс графлигидаги авторефрижератор ичидан топилган 39 вьетнамлик қурбондан бири, 30 ёшли Ле Ван Ҳанинг отаси Ле Минҳ Туан ўғлининг ҳали гўдак фарзандини қучоқлаб йиғлаяпти. Нгеан вилояти, Вьетнам.

Чили намойишлари вақтида Консепсион шаҳридаги хавфсизлик кучлари аксилҳукумат намойишчини қўлга оляпти.

Ғала-ғовурга бурканган дунёнинг тинч гўшаси – Шотландиянинг Питлохри шаҳарчаси яқинидан ўтган Гарри дарёси кўприги узра.

Иккинчи номи “Тиҳар” бўлган “Дивали” байрами асносида Непал пойтахти Катманду шаҳрининг юқоридан кўриниши.