Имомали Раҳмон тожик орфографиясини такомиллаштиришни талаб қилди

Имомали Раҳмон тожик орфографиясини такомиллаштиришни талаб қилди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Тил ва адабиёт институтига 2020 йилнинг январигача тожик тили орфографиясининг янги қоидаларини тайёрлашга кўрсатма берди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри хабар тарқатди.

“Қирқ-эллик йил аввал ёзилган грамматика илм-фан ва ҳозирги жамият талабларига жавоб бермаяпти. Тожик орфографиясидаги чалкашликларнинг сабабларидан бири тил бўйича янги қўлланманинг йўқлигидир”, – деди Раҳмон зиёлилар билан учрашувда.

Президентнинг фикрига кўра, тожик орфографияси қоидалари фақатгина илмий ходимлар эмас, балки ҳамма учун амалий қўлланма ҳисобланиб, унинг мақсади халқнинг билим даражасини оширишдир.

Шунингдек, Имомали Раҳмон тожик тилидаги атамашунослик муаммоларига эътибор қаратди, тилшуносларга “Тожик тилининг академик грамматикаси”ни яратиш ҳамда тожик тилидаги барча сўзларни электрон каталогга киритишга кўрсатма берди. Тожик тилининг энциклопедиясини яратиш ишлари 2016 йилдан бери чўзилиб келаётгани учун Маданият вазирлигини ва Миллий тожик энциплопедияси таҳририятини танқид қилди.

Тожикистонда Тил ва атамашунослик қўмитаси фаолият юритади. “Давлат тили ҳақида”ги қонун 2009 йилнинг октябрида қабул қилинган ва унда Тожикистоннинг барча фуқаролари давлат тилини билиши кераклиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун Тожикистонда Миллий тил байрами нишонланмоқда.