Норозилик намойишлари сабаб Бош вазир истеъфога чиқмоқчи

Норозилик намойишлари сабаб Бош вазир истеъфога чиқмоқчи

Ироқ бош вазири Одил Абдулмаҳдий Ироқда икки ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари ва тартибсизликлар сабаб истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда Associated Press нашри хабар берди.

«Мен парламентга янги номзодлар кўриб чиқишини сўраб, Бош вазир лавозимидан кетишим ҳақида расмий илтимосномани тақдим этаман», деб айтган Абдулмаҳдий.

Бош вазир бу баёнотни ироқлик шиалар ўртасида энг нуфузли диний шахс ҳисобланган оятуллоҳ Али ас-Систанийнинг жума намоздаги маъвизасидан кейин берган. Ас-Систаний парламентни Ироқ ҳукумати борасида ўз танловини қайта кўриб чиқишга чақирган.

Намойишларнинг сабаби нимада?

Бир йил муқаддам Ироқ бош вазири бўлган шиалар ҳаракати фахрийси Абдул Маҳди ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилганди, аммо амалда бу ваъдалар бажарилмади.

1 октябрь куни Бағдод кўчаларига ишсизлик ва коррупцияни йўқотишни талаб қилган минглаб ёшлар чиқишди.

Хавфсизлик хизмати кучлари намойишчиларга қарши қурол ишлатди, ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлди, шундан сўнг норозилик акциялари мамлакатнинг қолган қисмларига ҳам ёйилди.

Намойишларнинг биринчи тўлқини 6 кун давом этди ва жами 149 киши ҳалок бўлди. Бош вазир Абдул Маҳди ўз ҳукуматида ўзгаришлар ўтказишни, юқори маош олувчи амалдорларнинг ойликларини қисқартиришни ва ёшлар орасидаги ишсизлик даражасини камайтиришни ваъда қилди.

Аммо октябрь ойи охирида намойишчилар ўз талаблари бажарилмаслигига амин бўлгач яна кўчаларга қайтиб чиқишди. Хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газлар ва водомётлар қўллади. Намойишлар ноябрь ойида ҳам тинмади.

Аввалроқ, Ироқ президенти Барҳам Солиҳ агар сиёсий партиялар муносиб номзод бўйича келишувга эриша олишса, Абдул Маҳди истеъфога чиқишини маълум қилган.