Ўзбекистонда ўтган йил нечта янги масжид очилганлиги маълум бўлди

Ўзбекистонда ўтган йил нечта янги масжид очилганлиги маълум бўлди

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси 2018 йил давомида мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилган йил сарҳисобини эълон қилди.
Қўмита ўз хабарида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Қуръон мусобақалари билан бошланган 2018 йил "қут-баракали ўтгани" ҳақида ёзади.

Хусусан, диний-маърифий соҳани такомиллаштириш тўғрисидаги қатор фармон ва қарорлари асосида: Халқаро ислом академияси таъсис этилди, Халқаро Ислом цивилизация маркази ташкил этилди, "Вақф" хайрия жамоат фонди тузилди; Ҳадис илми мактаби номли олий диний таълим муассаси иш бошлади.

Масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. 13 та янги масжид очилди, 39 таси янгидан қурилди, 100 га яқини капитал таъмирланди.

Ҳаж қилувчилар сони 7200 дан ошди, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлди; Рамазон ойида 1149 та масжидда хатми Қуръон ўтказилди; "Қуръони карим ва тажвид" ҳамда "Араб тили" курслари ташкил этилди.

Қўмита диний соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бутун дунё ҳамжамияти эътироф этаётганини ҳам қўшимча қилган. Хусусан, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинлик йўлидаги ишларни тан олди. БМТ сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан "Маърифат ва диний бағрикенглик" номли муҳим ҳужжат қабул қилинди.
Ўзбекистон уламолари халқаро анжуманларда муносиб иштирок этди. Саудия Арабистони, Франция, Испания, Россия, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар мезбонлик қилган нуфузли халқаро тадбирларда вакилларимиз муваффақиятли қатнашди.

Ислом олами билан алоқалар мустаҳкамланди - мусулмон дунёсининг энг мўътабар уламолари Ўзбекистонга ташриф буюришди. Азҳари шариф шайхи Аҳмад Тоййиб, йирик муҳаддис Муҳаммад Аввома ва тариқат пешвоси Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий каби зотларнинг ташрифи ўзгача файз бахш этди.

"2018 йил 28 декабрдаги Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқсак, 2019 йилни – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. ... Ушбу йўналишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, "Вақф" хайрия жамоат фонди аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда жамиятни ижтимоий ривожлантириш лойиҳаларини ҳам ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилган. Сармоядорлар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатишни назарда тутган", - деб маълум қилган қўмита.