Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда дори-дармон воситаларининг ноқонуний савдосига қарши чора-тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда.
Вилоят божхона бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган 2016 йилда вилоятда мазкур йўналишда 17 та қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинган бўлиб, натижада қиймати 600 млн. сўмдан ортиқ бўлган салкам 9,2 минг дона дори-дармон воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Мазкур ҳолатларнинг 4 таси бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.
Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида “Москва-Самарқанд” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 300 млн. сўмлик 31 турдаги салкам 4 минг дона дори воситаларини божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга урингани аниқланди.
Экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу шахсдан олиб қўйилган дори воситаларининг 18 турдагиси давлат реестрида қайд этилмаган, 13 турдагиси эса мавжуд норматив талабларга жавоб бермайди. Шу боисдан бу маҳсулотлар ўрнатилган тартибда йўқ қилинди, деб хабар беради ДБҚ ахборот хизмати.