Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги бинога кўчади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги бинога кўчади

Абдулла Азизов қатор муаммолар ҳақида сўзларкан, вазирлик биноси ҳам замонавий талабларга жавоб бермай қолгани ҳақида тўхталиб ўтади. Шавкат Мирзиёев бу масалага чиндан ҳам эътибор бериш ва ечим топиш кераклигини билдирган.

Кўп ўтмай Абдулла Азизов ўз расмий саҳифасида бу янгилик билан бўлишди.

«Ҳар сафар Президент билан суҳбатда улардан роса кучли энергия оламан. Кеча 3-суҳбатим бўлган бўлса, роса кучли энергия олдим. Ким Президент билан суҳбат қилган бўлса, буни яхши тушунади. «Халқим, юртдошларимиз, аҳолимиз», деганларида юракдан чиқишини гаплашган одам жуда яхши ҳис қилади ва энергияга тўйиб олади. Ҳурматли Президент, сизга катта раҳмат! Кеча ҳамма таклифларимга розилик берганингиз учун, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бошқа катта бино истагимга розилик берганингиз учун, ҳар бир чиққан ҳамкасбларимни қўллаб-қувватлаганингиз учун. Олдимизга қўйилган жуда улкан вазифаларни вақтидан аввал ва виждонан, фидокорона амалга ошириб, юртдошларимизга кучли соғлиқ улашиб, умрларини узайтириб, сиз ва халқимизнинг олдида юзимиз ёруғ юриши насиб этсин», деган у.

Вазирликдаги манбанинг Kun.uz нашрига маълум қилишича, чиндан ҳам 150 нафарга яқин ходим доимий, яна 50 нафарга яқин киши шартнома асосида ишлайдиган вазирлик биноси замонавий талабларга жавоб бермай қолган. Аксарият хоналар тор, таъмирталаб. Айниқса жорий йилда жуда кўпчилик делегациялар ташриф буюрганида ва тизимга юклама ортганида бу камчиликлар яққол сезилган.

Айни пайтда вазирлик қайси бинога кўчиши бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Йиғилишда давлат раҳбари томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг аввалги биносини ССВга бериш бўйича таклиф ҳам илгари сурилган.

«Ўзбекистонга келганингдан ва янгича тажрибалар билан оғир шароитларда бизга елкадош эканингдан миннатдорман. Эсингдан чиқарма, тиббиётимизга тезроқ ўзинг айтган рақамлаштиришни олиб киришимиз керак. Тиббиёт муассасаларига телемедицинани олиб киришимиз керак. Қўрқма, ортингда мен турибман», деган Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган селекторда Абдулла Азизовга қарата.

Вазирликни янги манзилга кўчириш санаси бўйича айни пайтда бирор расмий қарор қабул қилингани ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Бунга қадар ҳам 07.12.2018 йил санасида қабул қилинган Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4055-сонли қарорида ҳам бу масалага тўхтаб ўтилган. Унинг 12-бандида шундай дейилган:

«12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Вазирликнинг Тошкент шаҳар, А. Навоий кўчаси, 12-уйда жойлашган биносини реконструкция қилишни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилдаги ривожлантириш Давлат дастурига киритсин».

Аммо бу дастур нега амалга ошмагани маълум эмас.