Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов Давлат раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифидан сўнг интернетда пайдо бўлган айрим материалларга муносабат билдирди. Алламжонов ўз баёнотларини Facebook’даги саҳифаси орқали, жонли эфирга чиқиб билдирди.
Аввалроқ баъзи манбаларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятидаги «Зарбдор Текстиль» корхонасига ташриф буюрган вақти унинг қаршисида ҳақиқий ишчилар эмас, балки яқин-атрофдаги коллежларда таҳсил олаётган ўқувчи қизлар худди ишлаётгандек бўлиб ўтиргани, корхона аслида ҳали иш бошлашга тайёр эмаслиги ҳақида материаллар пайдо бўлди.
Президент матбуот котиби Комил Алламжонов «бундан хабардор» эканига алоҳида урғу берди.