Қайси чет эл компаниялари Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари қурмоқчи

Қайси чет эл компаниялари Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари қурмоқчи

Аввалроқ Энергетика вазирлиги биринчи марта шамол электр стантсиясини қуриш учун тендер эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Вазирлик матбуот хизматининг маълумотларига кўра, тендерга дунёнинг 30 мамлакатидан (АҚШ, Хитой, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, БАА, Саудия Арабистони, Швейцария, Нидерландия, Франция, Испания, Туркия, Ҳиндистон, Россия ва бошқалар) 70 компания ва консорсиумлар талабномалар тақдим этишган.

Улар орасида General Electric (АҚШ), Toyota Tsusho Corporation (Япония), Total Eren SA (Франция) ширкатлари; шунингдек, Энергетика вазирлигининг Самарқанд шаҳрида ҚЭС қуриш бўйича ҳамкори, март ойида вазирлик билан $2 млрд.лик лойиҳа учун шартнома имзолаган ACWA Power (Саудия Арабистони) ҳамда Ўзбекистондаги биринчи давлат-хусусий шериклик тендери, яъни Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станция қурилиши тендери ғолиби Abu Dhabi Future Energy Company PJSC — Masdar (БАА) ҳам бор. Masdar қурилишга 100 миллион доллар сармоя киритади ва лойиҳани 25 йил давомида бошқаради.

Тендер ғолиблари ушбу лойиҳа доирасида объектларни ишлаб чиқиш, молиялаш, қуриш, уларга эгалик қилиш ва фойдаланишга иштирок этади.

Шамол энергетика лойиҳаси бўйича биринчи тендер Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида амалга оширилади. Бундан кўзланган мақсад умумий қуввати 1 ГВт. га тенг шамол электр станцияларини қуришдир.

Ушбу ШЭС ва тегишли инфратузилмани қуриш учун майдон Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидан танланган.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини жалб қилиш бўйича кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир. Кейинги ўн йил ичида мамлакатда ўсиб бораётган электр энергиясини қондириш учун умумий қуввати 3 ГВт гача бўлган шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.