Саакашвили Туркманбошининг ўз вазирларига ит муомаласини қилиб, таҳқирлаганини гапириб берди

Саакашвили Туркманбошининг ўз вазирларига ит муомаласини қилиб, таҳқирлаганини гапириб берди

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурат Ниязовнинг ўз вазирларини қандай қилиб таҳқирлаганини гапириб берди. Ҳозирда Украина миллий ислоҳотлар кенгаши ижро қўмитасининг бошлиғи бўлган Саакашвили YouTubeдаги «В гостях у Дмитрия Гордона» («Дмитрий Гордон ҳузурида меҳмонда») кўрсатувида ўз хотиралари билан баҳамлашди, дея хабар беради Фергана.ру нашри.

«МДҲ давлатлари саммитида нохуш бир воқеа бўлиб ўтганди. Унда Туркманбоши ўз вазирларини ит каби тўрт оёқлатиб, сўнг уларга қанд берганди. Бу жудаям қайғули манзара эди», — деди Грузиянинг собиқ президенти. Саакашвили 2004 йилдан Грузияни бошқара бошлаган, 2006 йили эса Туркманбоши оламдан ўтган. Шундай қилиб, гап шу оралиқда бўлиб ўтган саммит ҳақида бормоқда.

Саакашвили ушбу воқеадан сўнг ҳеч қанча ўтмай Ниязов ўлганини айтади. У янги президент Гурбангули Бердимуҳамедов инаугурациясига келган. «Мен унинг қароргоҳида яшадим, ростдан ҳам у ердаги унитаз олтин сувига чайилганди», — дея эслайди экс-президент. Саакашвили сўзларига кўра, МДҲ саммитида итларни ўхшатиб берган вазирлар бир ойдан сўнг турмага ташланган. «У ерда вазирлар учун алоҳида қамоқ бўлган, ҳожатхонасиз. Айтишларича, у ерда пастга кислота қуйишаркан». Гап Овадан Депа турмаси ҳақида кетмоқда. Унинг донғини турли манбалардан билиш мумкин.

Саакашвилининг таъкидлашича, жазодан қутулиб қолган ягона вазир — Гурбангули Бердимуҳамедов бўлган. Ниязовнинг ўлимига қадар у Соғлиқни сақлаш вазири ва президентнинг шахсий шифокори бўлган.

Саакашвили Ниязовнинг ғалати қилиқларини айтиб берган ягона инсон эмас. Яқинда «Фарғона» ихтиёрига собиқ Турманистон ТИВ раҳбари Авда Қулиевнинг мемуарлари келиб тушди. Ушбу мемуар 2006 йили Москвада кичкина тиражда чоп этилган. У пайтлар онкологик касалликдан азоб чеккан Қулиев Туркманбошини шундай хотирлаган: «Чет эллик меҳмонлар билан барча учрашувлар Ниязовнинг хонасида тор доирада бўлиб ўтарди ва албатта президент ёрдамчиси Жадан Александр Николаевич ва президент матбуот котиби Ораздурдеев Аннагелди Жапарович иштирокида. Бу икки инсон ким тезроқ Ниязовга тоза кулдонни тутиш бўйича мусобақа ўйнарди. Шундай бир воқеа юз берган: тоза кулдон тополмаган Ораздурдиев Туркманбоши сигаретининг кулини тўкишига ўз кафтини тутган ва президент тинчгина унга кулни тўккан. Бу икки мулозимнинг иккинчи энг муҳим вазифаси — Ниязов столида доимо қайноқ кўк чойни таъминлаш эди. Бу одамларнинг бундан бошқа ишлари йўқдек туюларди».

Бердимуҳамедов биринчи давлат раҳбарига бўлган шахсга сиғиниш иллатини бартараф этмади, аксинча Ниязовга бўлган «қуллуқлар» янги президентга юзланди. Ҳозирги пайтда давлат матбуоти деярди Бердимуҳамедовнинг ишлаши ва дам олишига бағишланган. Янги президент «Арқадағ» (деярли «Олампаноҳ» маъносида) мақомини олган. Тантаналарда давлат хизматчилари президентни «Арқадаға шўҳрат» сўзлари билан олқишлайдилар. Бердимуҳамедов номидан турли мавзуларда (исириқ билан даволашдан тортиб, ҳарбий ишларгача) китоблар чоп этилади, телевидение тинмасдан президентнинг шеър ва қўшиқларини тараннум этади.