Расул Кушербаев Тошкент шаҳар ҳокимлигини танқид қилиб чиқди

Расул Кушербаев Тошкент шаҳар ҳокимлигини танқид қилиб чиқди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Тошкент шаҳар ҳокимиятини “депутатлар сўровига беписанд” бўлгани учун танқид қилиб чиқди. Унинг айтишича, Юнусобод туманида рўйхатдан ўтган “Suli” хусусий фирмаси раҳбари ўзига тегишли бўлган бино бузилгани учун суд белгилаган 950 миллион сўмлик товон пулини ундириш борасида депутатдан ёрдам сўраб чиққан. Товон пулини Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман ҳокимликлари тўлаб бериши лозим бўлган.

Белгиланган товон пули ўз вақтида тўланмаган, айни масалада жорий йил 6 августда Расул Кушербаев шаҳар ҳокимиятига йўллаган сўровга ҳам ҳалигача жавоб берилмаган. Ҳолбуки, қонунга мувофиқ депутатлик сўровига 10 кун ичида жавоб бериш шарт.

“Аслида Тошкент шаҳар ҳокимиятининг депутатларга беписандлигига ўтган даврда “арзон уй-жойлар” мисолида гувоҳ бўлган ва бу ҳақда бошқа депутатлардан ҳам кўп бора эшитганман. Бироқ Тошкент ҳам Ўзбекистондаги қонунларга амал қиладиган, республика таркибидаги маъмурий субъект эканлиги учун масъулларнинг сал ерга тушиб, инсофга келишига умид узилмаганди.

Энди эса ўша умид ҳам қолмади: шаҳар ҳокимиятида ҳокимдан тортиб унинг меҳнат жамоасигача депутатга, унинг сўровига панжа ортидан қараш ўзгармаган. Олий вакиллик органидаги депутатга шундай муносабат бўлгандан кейин оддий фуқаролар аҳволини тасаввур қилаверинг: туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр”, дейди Расул Кушербаев.

3405