Тожикистонда кўплаб маҳбуслар нондан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди

Тожикистонда кўплаб маҳбуслар нондан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди

Тожикистонда 7 июлда мамлакатнинг шимолидан Душанбе ва жанубдаги колонияларга маҳбусларни кўчириш вақтида 13 маҳбус заҳарланишдан ўлди. Бу ҳақда Тожикистон адлия вазирлигининг жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармаси маълум қилди. 

7 июлда белгиланган режага кўра 3 та махсус машинада 128 маҳбус – 120 эркак ва 8 аёл Тожикистоннинг шимолидаги 3 та ахлоқ-тузатиш муассасасидан Душанбе, Нурек ва Яванда жойлашган 3 та  ахлоқ-тузатиш муассасасига кўчирилган.

Душанбега яқин қолганда маҳбуслардан бири ёнидаги 3 та нонни 16 маҳбус билан бўлишган. Ярим соатдан кейин нонни еган маҳбуслар ўзларини ёмон ҳис қила бошлашган, Душанбега келганда эса улар беҳуш ҳолда бўлганлар. 5 дақиқадан кейин воқеа жойига тез ёрдам машиналари етиб келган. Тиббий ходимлар 3 маҳбуснинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган, қолган 13 киши ўлган.

Ўлган маҳбуслар рўйхати эълон қилинган. Улардан энг кичиги августда 20 ёшга тўлиши керак бўлган, энг каттаси эса 42 ёшда бўлган.

Қолган 115 маҳбус ҳеч қандай шикоятларсиз белгиланган ахлоқ-тузатиш муассасаларига жойлаштирилган.

Тожикистон бош прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатган. Шунингдек, махсус тергов гуруҳи тузилган, суд-тиббиёт экспертизаси белгиланган. Ишнинг боришини шахсан бош прокурор ўз назоратига олган.