Украина президенти 9 январни “мотам куни” деб эълон қилди

Украина президенти 9 январни “мотам куни” деб эълон қилди

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг “Украина Халқаро Авиалиниялари” авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 русумли йўловчи самолёти ҳалокатга учраши муносабати билан 9 январни “мотам куни” деб эълон қилди. Хабар қилинишича, кеча кечқурун ўтган ишчи мажлис охирида шундай қарорга келинган.

Мотам кунида давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш муассасалари, ташкилот ва идораларга тегишли иншоотлар олдида ўрнатилган Украина байроғи авиаҳалокатда қурбон бўлганлар хотираси учун ярмигача пастга туширилади.

Мавзуга доир: Теҳронда қулаган самолёт йўловчиларининг аксари Эрон ва Канада фуқаролари бўлган

Эрон пойтахти Теҳрондан Украина пойтахти Киев шаҳрига PS 752 рақами билан парвозни амалга ошираётган, бортида 176 йўловчи, шу жумладан, 9 экипаж аъзоси бўлган Boeing 737-800 самолёти кеча, 2020 йил 8 январ куни маҳаллий вақт билан соат 6:12 да Имом Ҳумайний халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган ва орадан 2 дақиқа ўтиб, аэропорт яқинидаги Паранд мавзесида қулаб тушган.

Самолёт Имом Ҳумайний халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилганидан 2 дақиқа ўтиб ерга қулаган

Украина ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар қуйидаги давлатлар фуқароларидир:

  • Эрон фуқаролари – 82 нафар
  • Канада фуқаролари – 63 нафар
  • Украина фуқаролари – 11 нафар
  • Швеция фуқаролари – 10 нафар
  • Афғонистон фуқаролари – 4 нафар
  • Германия фуқаролари – 3 нафар
  • Буюк Британия фуқаролари – 3 нафар.