68 секунд ичида 1 миллиард доллар: Alibaba бир кунда Amazon‘нинг чораклик маҳсулотини сотиб қўйди

68 секунд ичида 1 миллиард доллар: Alibaba бир кунда Amazon‘нинг чораклик маҳсулотини сотиб қўйди

“Бўйдоқлар куни” (11.11)да Хитой интернет гиганти Alibaba савдолар бўйича ўтган йилги рекордини 25 %га оширди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар қилмоқда.

Чегирмалар кунининг илк соатида 12 млрд. $лик маҳсулот сотилди. Бу эса ўтган йилги АҚШдаги “қора жума” (6,2 млрд. $) ва “кибер душанба” (7,9 млрд. $) савдоларидан салмоқли даражада кўп демак. Алибаба платформасида 500 миллион одам савдо қилган.

1 млрд. $лик товарлар 68 сония ичида, 10 млрд. $лик товарлар 30 дақиқа (ярим соат)да сотилиб бўлган. 16 соат-у 30 дақиқада ўтган йилги рекорд янгиланган – 30,8 млрд. доллар.

Чегирмалар куни якунлари бўйича Alibaba 38,4 млрд. $лик маҳсулот сотган. Бу эса Amazonнинг 2019 йил III чорак якунлари бўйича савдоларидан (35 млрд. $) кўпроқдир.

Энг кўп сотилган маҳсулотлар Huaweiнинг Mate 30 Pro смартфони ҳамда Appleнинг iPhone 11 Pro‘си саналади.

Бу йилги чегирмалар куни Жек Ма истеъфосидан кейинги илк чегирмалар куни ҳисобланади.
“Бўйдоқлар куни” муносабати билан илк чегирмалар куни 2009 йилда ташкиллаштирилган. Бу йил Alibaba Гонконгда 15 млрд. $лик IPO режалаштирган эди, бироқ Гонконгдаги норозиликлар туфайли у барбод бўлди.