Тоғли Қорабоғ можароси: Ўзбекистон қайси тарафда?

Тоғли Қорабоғ можароси: Ўзбекистон қайси тарафда?

Бугунги кунни энг муҳим воқеаси – Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжон-Арманистон тўқнашувлари ҳисобланади. Ушбу фонда, Ўзбекистон давлатчилигининг мавқейи қандай бўлган, ва ҳозирги қараш оҳанги қандай, деган савол пайдо бўлади. Ўзбекистонни Кавказ минтақасидаги геосиёсий қарашларига хос бир неча нуқтани эслатиб ўтмоқчиман:

• Ўзбекистони барча МДҲ давлатларида элчихоналари, фавқулодда ва мухтор элчилари бор. Фақат битта давлат ҳудудида элчихонаси мавжуд эмас – Арманистон. Ўзбекистонни Арманистон билан алоқаларини таъминловчи масъул дипломатик муассасаси – Россия ҳудудидаги элчихона ҳисобланади;

• Ўзбекистон давлат раҳбарлари, Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон мустақиллиги даврида ташриф буюрмаган ягона МДҲ давлати – Арманистон ҳисобланади;

• Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов Озарбайжон биринчи Президенти Ҳайдар Алиевни жуда самимий ҳурмат қилар эди. Ҳайдар Алиев вафот этганида, Каримов Бокуга бориб, дафн маросимларида иштирок этган эди;

• Каримов вафот этганида эса, Илҳом Алиев Ўзбекистонга келмади. Бу ҳолат, икки томонлама муносабатларга бироз соя солди.

• Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият алмашгач, расмий Тошкент Кавказ ҳудудида ўз геосиёсий оҳангини қайта кўриб чиқишга мойил бўлди. Ўзбекистон Арманистонда элчихона очишга қарор қилганлиги борасида маълумотлар пайдо бўлди. Лекин, бугунги кунгача, Ўзбекистон Арманистон билан алоқаларини юқори даражага кўтаргани йўқ.

• Ўзбекистонни туркий давлатлар ичидаги энг ижобий алоқалари, биринчи ўринда, Озарбайжон билан, сўнгра Туркманистон билан бўлди. Ўзбекистон биринчи маъмурияти даврида, расмий Тошкентнинг Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон билан алоқалар жуда зиддиятли эди.

• Кавказ ҳудудида, Ўзбекистонни ижобий алоқалари ва геосиёсий приоритетини қуйидагича тасвирлаш мумкин: Озарбайжон, Грузия, ва охирида, Арманистон.

• Қорабоғ атрофидаги бугунги можаролар фонида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидаги асосий урғу «ҳудудий яхлитлик» бўлиб, бу билан, Ўзбекистон оҳиста, лекин тўлиқ Озарбайжон томонида туради.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.