Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Юнусобод фожиаси: у қандай юз берди? (хронология)
19.12.2019 15:56,  
10277

Расмий маълумотга кўра, 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчасидаги “Меgа Рlаnеt” савдо маркази қарама-қарши томонида “Тошкент метрополитени қурилиш дирекцияси” буюртмаси асосида барпо этилаётган “Юнусобод” бекати 2-вестибюль қурилиш объектининг ўнг томон хандақ (катлован) қиялик девори(откос)га ўрнатилган темир-бетон мустаҳкамлаш конструкцияси ёмғир сувлари сизиши ва автомобиллар қатновидан ҳосил бўлган тебраниш натижасида ер ўпирилиб, тупроқ ва темир-бетон конструкцияси қулаб тушган.

Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида 6 нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахсига аниқлик киритилди.

Sof.Uz нашри воқеа тафсилотларини хронологик тарзда тақдим этади:

Метронинг Юнусобод йўналиши қурилишида содир бўлган авария бўйича расмий маълумот берилди

18 декабрь, соат 11:30. Ижтимоий тармоқларда Юнусободда қурилаётган метрополитен йўналишида бахтсиз ҳодиса юз бергани, қурбонлар борлиги ҳақида миш-мишлар тарқади.

18 декабрь, соат 12:39. Ҳодиса ҳақида илк расмий маълумот берилди. Kun.Uz мухбири Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Дониёр Тошхўжаевдан ҳодиса юзасидан изоҳ олди. Мулозимга кўра, “Юнусобод туманида, “Мегапланет” олдида туннел қазилаётган бўлган. Сув туннелга тушмаслиги учун бетон лоток қилинган. Ана шу лотокнинг қайсидир қисмидан сув кетган ва сув тўпланган. Ёғингарчилик кучайган вақтда ер бўшаб туннелни босиб қолган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ёки жабрланганлар борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ”.

18 декабрь, 12:45. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати Тошкент метрополитени Юнусобод линиясида қурилиш ишлари олиб борилаётган очиқ участкада авария ҳолати юз берганини, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов шахсий назорати остида хизмат текшируви ўтказилаётганини тасдиқлади.

18 декабрь, 12:50. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орипов воқеа жойига бориши кутилаётгани хабари тарқалди.

18 декабрь, 12:57. Воқеа жойига ОАВдан биринчи бўлиб, gazeta.uz етиб борди. У ерда йўл беркитилгани, автобуслар йўналиши ўзгартирилган, 10 та тез ёрдам машина борлиги хабар қилинди.

18 декабрь, 13:00. Ижтимоий тармоқларда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ўликхонасига 12 жасад олиб борилгани ҳақида миш-миш тарқалди.

18 декабрь, 13:10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам 18 декабрь куни соат 10.00 атрофида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида ёмғирнинг сурункали ёғиши оқибатида тахминан 250 м3 тупроқ ўпирилиб тушганини тасдиқлади.

18 декабрь, 13:13. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан қутқарув амалиёти бошлангани маълум қилинди.

ССВ: Ер ўпирилиши оқибатида жароҳатланганлар йўқ

18 декабрь, 13:25. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги воқеа жойига зудлик билан тиббиёт ходимларидан иборат тезкор бригадалар жалб қилингани, ҳозирча ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқлиги ҳақида баёнот берди.

18 декабрь, 13:50. «Газета.uz» мухбирлари воеқа жойидан илк расмий видеохабарни тақдим этди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, улар портлашга ўхшаган овоз эшитишган.

18 декабрь, 14:00. «Газета.uz» мухбирининг хабарига кўра, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, транспорт вазири Очилбой Раматов воқеа жойига келган.

18 декабрь, 14:52. Repost.Uz нашри манбаси Юнусобод метро линиясида юз берган авария оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

18 декабрь, 16:09. UZREPORT TV воқеа жойидан репортаж тайёрлади. Хабар берилишича, вайрона остида 20 га яқин қурувчилар бўлган. "Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, уларнинг ҳали биронтаси омон чиқмади", дейилди.

18 декабрь, 16:16. Repost.uz нашри ушбу объектда тўрт кундан буён ишлаётган ишчилардан бири билан боғланиб, аноним интервью олди. "Бугун соат 10:20 да фожиа юз берди. Мен ўша вақтда яқин жойда тургандим. ДСП, арматураларнинг қарсиллаган овози эшитилди, оғир нарса қулагандек бўлди. Одамларнинг бақирганини эшитдим, лекин ким бақирганини тушунмадим. Ҳамма метро ўпирилган жойга югурди. У ерда соябон бор эди. Кучли ёмғирдан сув тўпланиб, деворлар икки томондан сув билан ювиларди. Пастда эса бетон қуйиш учун мўлжалланган ДСПларни ушлаб турган тахталар бор эди. ДСП устида эса арматура тўри. Одамлар юқорида ишлаётган эди, айримлар пастдаги соябон остида ёмғирдан пана қилиб турган эди. ДСП, арматура тўрлари, бетон ва тупроқ одамлар устига қулаб кетди. Кабеллар узилиб, қурилиш материалларининг қарсиллаган овози эшитилди. Қўрқиб кетдик. Ҳаммамиз ҳалигача шокдамиз" деди воқеа гувоҳларидан бири.

18 декабрь, 17:09. Kun.uz мухбирлари воқеа жойидан репортаж тайёрлади. Айтилишича, авария оқибатида камида 5-6 киши тупроқ остида қолиб кетган.

18 декабрь, 18:26. Ҳукумат фармойиши билан Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.

18 декабрь, 18:50. Kun.uz манбаси ер ўпирилиши ҳодисаси оқибатида камида уч киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

18 декабрь, 20:32. ФВВ қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан икки кишининг жасади олиб чиқилгани ва уларнинг шахси аниқланганини (Ж.Равшанов, 1989 й. т.; О.Абдуллаев, 1989 й. т.) хабар қилди.

18 декабрь, 21:17. ФВВ қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан яна бир кишининг жасади олиб чиқилгани ва унинг шахси аниқланганини (Д.Абдуллаев, 1989 й. т.) тасдиқлади. Қурбонлар сони 3 нафарга етди.

18 декабрь, 21:44. ФВВ қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан яна бир кишининг жасади олиб чиқилгани ва унинг шахси аниқланганини (А.Диёров, 1986 й. т.) тасдиқлади. Қурбонлар сони 4 нафарга етди.

19 декабрь, 02:15. ФВВ қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан яна бир кишининг жасади олиб чиқилгани ва унинг шахси аниқланганини (И.Раҳматов, 1996 й. т.) тасдиқлади. Қурбонлар сони 5 нафарга етди.

19 декабрь, 09:42. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

19 декабрь, 12:32. ФВВ қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан топилган 6 нафар фуқаро ҳақида тўлиқ маълумот берди.

19 декабрь, 12:45. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Юнусободдаги ҳодиса юзасидан жиноий иш очди.

19 декабрь, 12:55. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганларнинг оила-аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Қурбон бўлганлардан ҳар бирининг оила аъзоларига 100 миллион сўм товон пули ажратилиб, ҳар бир оилага етказиб берилгани маълум қилинди.

19 декабрь, 15:02. ФВВ қидирув-қутқарув ишлари якунланиб, Комиссия ишининг биринчи фазаси ниҳоясига етгани ҳақида хабар берди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан