Kun.Uz ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев можароси: воқеалар силсиласига назар

Kun.Uz ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев можароси: воқеалар силсиласига назар

Сўнгги уч кунда Интернетнинг ўзбек сегменти Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ўзбекистондаги энг илғор, пешқадам онлайн нашр – Kun.Uz ўртасидаги қарама-қаршиликдан жунбишга келди.

Ҳаммаси нимадан бошланган эди? Ортга қайтиб, воқеалар силсиласини тиклашга ҳаракат қилдик.

Ёзнинг охири

14.08.2019. Kun.Uz нашри ходимлари – журналист Раҳматилла Исроилов ва тасвирчи Шерзод Эгамбердиев “Хива строй” МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди. Мурожаатга кўра Олмазор туман ҳокимияти қурилиш фирмасига 800 миллион сўм атрофида қарздор бўлган. Аммо ҳокимият биносига борган журналистларга айни мурожаат юзасидан изоҳ берилиши ўрнига туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов тажовуз қилди, камера штативини синдириб ташлаб, нашр ходимларини ҳақорат қилди.

16.08.2019. Журналистларга тажовуздан икки кун ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг YouTube’даги каналида Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервюси пайдо бўлди. Унда Ваҳобов бир кун олдин ўзи ҳужум қилган журналист Раҳматилла Исроилов пора эвазига ер сўраганини иддао қилди. (Эслаб қолинг, сал ўтиб айни воқеага бошқа томондан назар соламиз!)

Аммо Kun.Uz нашри бу борада таҳририятнинг ички текширувини ўтказганини маълум қилиб, Ваҳобовнинг иддаосини тўлиқ рад этиб чиқди.

Шунингдек, шу куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА), Журналистлар уюшмаси, Халқаро пресс-клуб ва бир қатор депутатлар бир кун олдинги тажовузни қоралади.

17.08.2019. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси “Kun.Uz ходимларига тажовуз назоратга олинди”, дея баёнот берди. Бироқ бундан кейин Бош прокуратура айни мавзуда бошқа гапирмади, сукут сақлашни афзал билди.

23.08.2019. Туман ҳокими тажовузидан тўққиз кун ўтиб, Ички Ишлар Вазирлиги матбуот анжуманида вазирликнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддин Бурхонов баёнот бериб, айни воқеа юзасидан текширув кетаётгани, Ваҳобов камера штативини синдирган ва сайт ходимларига ташланган вазиятда ИИБ ходими ўртага тушиши шарт бўлганини айтди.

Шу билан бу воқеа бўйича бир ойгача ҳеч ким эсламади.

Кузнинг боши

25.09.2019. Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг “Журналист ер олиш учун пул таклиф қилди” деган иддаосини туҳмат деб баҳолаган Kun.Uz нашри ходими Раҳматилла Исроилов Бош прокурор номига мурожаат йўллаган эди. Бу мурожаатга жавоб 2019 йил 16 сентябр имзоси билан 25 сентябр куни нашр ихтиёрига келиб тушди. Тошкент шаҳар прокуратураси берган жавобда “Абдурасул Ваҳобов ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат қилмагани ва унга нисбатан жиноий иш қўзғаш рад этилгани” маълум қилинди. Ҳалигача шаҳар ҳокимлигининг YouTube каналида турган амалдорнинг видеотуҳматига Ўзбекистондаги бирон ҳуқуқ-тартибот идораси жавоб беришни истамади.

Айни жавоб ижтимоий тармоқларда бир қадар норозиликни келтириб чиқарди: “Нега туман ҳокими ўринбосарининг видеотасвир билан исботланган тажовузи ноқонуний ҳаракат деб тан олинмади?”, “Нега Ваҳобов бир журналистга очиқ, омма олдида туҳмат қилади-ю, ҳуқуқ тузилмалари бунга индамай кўз юмади?” каби жавобсиз саволлар берилди.

27.09.2019. Шаҳар прокуратураси ҳам, Олмазор туман прокуратураси ҳам оқлаб турган, ҳуқуқ-тартибот идоралари очиқ туҳматига кўз юмган Абдурасул Ваҳобов кутилмаганда ишдан кетгани эълон қилинди.

Ундан ҳам қизиғи, бошида бир гапиргани бўйича шу билан бу мавзуни бошқалар каби жим кузатган АОКА раҳбари Комил Алламжонов Ваҳобовнинг истеъфосидан сўнг “Бугун "Kun.uz" мухбирига ҳужум қилган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов ўз лавозимидан озод қилинди. Шу муносабат билан биз яна бир бор таъкидлаймизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар бир журналист ва блогерни унинг ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилишни давом эттиради”, деган баёнот билан чиқди.

Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса Абдурасул Ваҳобов ва унинг оиласига тасалли берган бўлди: “Ижтимоий тармоқларда сизнинг ўғлингиз Абдурасул Ваҳобов тўғрисида ҳар хил салбий фикрлар ва изоҳлар билдирилиши мумкин. Сизларга сидқидилдан бир илтимосим бор, уларга аҳамият берманг ва ўзингизни қийнаманг. Сизни фарзандингиз билан 1,5 йил аввал танишиб, шу давр мобайнида мен уни фидойи ва жонкуяр, кечаю кундуз халқ дардини енгил қилиш мақсадида юрган қалби тоза инсон сифатида кўрдим”.

Ҳаммаси шу билан тугайдигандек эди. Аммо ҳали бу иш охирига етмаган – ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдурасул Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатларига аниқ баҳо бермаган, унинг очиқ туҳмати эса умуман эътиборсиз қолаётганди.

Кеч куз

13.11.2019. Тошкент шаҳар прокуратураси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун фавқулодда матбуот анжумани (брифинг) уюштирди. Бу шунчалик тез, кутилмаганда содир бўлдики, кўпчилик журналистлар ундан хабар ҳам топа олмай қолди. Брифинг бўлиши ҳақидаги эълон унинг бошланишидан тахминан уч соатча олдин ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Брифингда прокурорлар асосан Тошкент шаҳар прокуратурасининг Абдурасул Ваҳобовга нисбатан мавқеини, унинг очиқ туҳматидан кейин ҳам жиноий иш очилмаганининг сабабларини изоҳлашга ҳаракат қилди, журналистларнинг саволларига асосли ва қониқарли жавоб берилмади. Буни матбуот анжуманида қатнашган Kun.Uz, Xabar.Uz ва Daryo.Uz нашри ходимлари таъкидлади.

Журналистларнинг “Агар журналистнинг пора таклиф қилгани рост бўлса, марҳамат – жавобгарликка тортилсин, ахир бу коррупция! Агар бу туҳмат бўлса, унда туман ҳокими собиқ ўринбосари жавобгарликка тортилсин, ахир бу қип-қизил муттаҳамлик!” – мазмунидаги саволларига шаҳар прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатов: “Бизнинг текширувимиз якуни бўйича шундай хулосага келганмизки, мана шу лавозимидан озод қилиниши давлат органларида 20 йилдан бери хизмат қилаётган ходим учун, менимча, ундан ортиқ жазо”, дея қизиқ жавоб берди.

15.11.2019. “Озодлик” сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бир фермер ёрдамчисини соқоли ўсиб кетгани учун таҳқирлаган, гап орасида қайсидир амалдорга "Ўртоқ полковник, соқолиниям, сочиниям ялтиллатиб, қирдириб олинг. Қаранг, соқолини ҳам, сочини ҳам анақа қилинг. Хўпми, давай, бўлинг”, деб буюргани аудиоси тарқалди.

Эртасига, 2019 йилнинг 16 ноябр тонгида бу аудио Ўзбекистон ичида фаолият юритадиган сайтларда ҳам эълон қилинди.

Ҳаво совий бошлади...

Қиш яқин

16.11.2019. Соат 09:46. Фарғона ҳокимининг тадбиркорнинг соч-соқолини қирдиришга буйруқ бергани ҳақидаги аудиоёзув тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Ғаниевнинг бу хатти-ҳаракатларини қораловчи, танқид қилувчи фикрлар авж олди.

Соат 18:46. Фарғона вилоят ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов деярли ўн дақиқалик лавҳа тайёрлаб, унда ҳокимни ҳимоя қилишга уринди: “Тадбиркор бу учрашувга соқоли ўсган ва ажойиб кийимда келгани учун ҳоким унинг ёнида ўтирган инсонга: "Бу йигитнинг соқолини олдириб қўйинг" деб тавсия берган. Бўлган гап шу!" деди у. Аммо кейинроқ бу видео номаълум сабабга кўра Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Фейсбукдаги саҳифасидан ўчириб ташланди.

Соат 19:00 дан кейин. Ҳали Интернетнинг ўзбек сегменти аудиторияси Фарғона ҳокими ва унинг матбуот котибининг бу гапларини ҳазм қилиб улгурмасидан ижтимоий тармоқларни том маънода “портлатган”, Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларга “ўлдириб юбориш”, “гей деб шарманда қилиш”, “уйидан чиқи кетиб қайтиб келмаслиги” билан таҳдид қилган янги аудиоёзув пайдо бўлди: 1) 19:15 да Qalampir.Uz сайтида; 2) 19:30 да Kun.Uz нашрида ; 3) 20:16 да Sof.Uz нашрида. Вақт ўтгани сари бу аудиоёзув деярли барча ўзбек тилидаги сайтларни қамраб олди. Муҳокамалар бошланди.

Соат 22:30. Тошкентда барча партиялар вакиллари иштирокида ўтаётган демократик дебатда блогер Нозим Сафари партиячилардан “Бугун шаҳар ҳокимининг журналистларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалди. Бунга қандай муносабат билдирасизлар?” деб сўради. Аммо биронта партия вакилидан тайинли жавоб чиқмади. Эҳтимол, улар ўша вақтда атиги 3 соат олдин ёйила бошлаган аудиодан бехабар бўлгандир.

Ижтимоий тармоқлар эса шанба кечқурун ва якшанба тунидан бошлаб қизиди, бу борада турли фикрлар, муносабатлар билдириш тўхтамади:

– Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев: “Биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда”.

– Жамшид Муслимов, иқтисодчи: “Ортиқхўжаев журналистлар билан суҳбатда "петух", "гейликка опустить қилиш” иборалари совет давридаги “зона” муҳитидаги жиноятчиларнинг онгига хос иборалардир”.

– “Адолат” социал-демократик партияси: “Журналист ва блогерларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминланишидаги ҳиссасини ҳамда жамиятимизда адолатни ўрнатишдаги фаоллигини эътироф этган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилишини сўраймиз”.

– Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос: “Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтган гаплари, Ўзбекистон олий ҳокимиятида сифат жиҳатидан ўта жиддий инқироз яратди. Ортиқхўжаевнинг айтганларини қисқа тилга кўчирсак, “Ўзбекистонда қўрқув манбаи бу – давлат ҳокимиятидир”, яъни, “Давлат террорчидир” деганини англатади”.

– Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши: “Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти – сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, “менга ҳамма нарса мумкин”, деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак”.

– Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев: “Болалар ўз оталари ҳар қандай пайтда йўқолиб қолиши, чўкиб кетиши ва уйига қайтмаслигини билмай эшикка қараб кутиб ўтирадиган жамият пайдо бўлиб қолишидан қўрқяпман. Қўрқяпман…”

– Сардор Салим, зиёли: “Олигарх-амалдорлар жанги яхши кетяпти. Ҳозирча битта томон "информацион пушка" ва қўлбола блогерлардан унумли фойдаланди. Иккинчи томоннинг "ответка"сини кутамиз”.

– “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров бу масалада фикр билдиришни истамади: “Tошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев овози билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аудиоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмагунича ушбу масалада фикр билдиришни тўғри деб ҳисобламаймиз. Mавзу бўйича биринчи бўлиб изоҳ ёки баёнот бериш Ж.Ортиқхўжаев ва хабарнинг муаллифига тегишлидир”.

17.11.2019. Соат 15:21. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати кун ярмидан оғганида айни аудио юзасидан ўз муносабатини билдирди: “Ҳозирда ушбу масалага ойдинлик киритиш ва ҳар томонлама ўрганиш мақсадида мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”.

Соат 15:22. Ҳокимият билан кетма-кет Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳам баёнот берди: “Бош прокуратура томонидан Интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда”. ("Ўрганиш" ҳамон тугамаган, шекилли, жимиб кетишди.)

Соат 17:00. Кескин бурилиш нуқтаси. Kun.Uz нашри бу аудиодаги таҳдидлар айнан ўз мухбирларига қарши янграганини эълон қилди:

“16 ноябрь куни интернетда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалди. Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни шарманда қилиш, ҳаттоки жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлиги билан таҳдид қилган.

Мазкур таҳдид шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига Kun.uz мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган.

Ўша куни Тошкент шаҳар ҳокими А.Ваҳобов ва мухбирларни ўз ҳузурига чорлаб, яраштирмоқчи, ўртадаги тушунмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлган. Томонлар муроса қила олмагач, учрашув таҳдидли «тарбиявий соат»га айланиб кетган.

Таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Ваҳобов ва Kun.uz ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган эди.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса таҳририятнинг алоқаси йўқ.

Бугун, 17 ноябрь куни Бош прокуратура томонидан интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бу аудиоёзувдаги овознинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мансублиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётгани ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари ёзиб олинган тўлиқ форматдаги аудиоёзувлар Kun.uz таҳририятида мавжуд бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилиши мумкин”.

Ҳамма бир муддат ўйланиб қолди, кейин эса барча ижтимоий тармоқларда ҳақиқий ажиотаж кўтарилди: ҳокимни сўкиб-ҳақоратлаш, Kun.Uz билан ҳамнафас эканлигини билдиришга шошилишди. Расмий идоралар эса чуқур сукутга чўмди, овоз эгаси ҳақиқатдан ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаев, жабрланувчи аниқ – Kun.Uz нашри бўлишига қарамай муносабат билдиришга шошилмади. Балки буни “дам олиш куни бўлгани учун” деб изоҳлашар.

Ижтимоий тармоқларда энди Жаҳонгир Ортиқхўжаевни нима кутаётгани ҳақидаги тахминлардан тортиб, журналист ва блогерлар бундай муносабатга қарши бирлашиши кераклиги, Kun.Uz билан елкама-елка бўлиш лозимлиги ҳақида турли фикрлар билдирила бошланди. Аммо ҳеч ким кутмаган бир вазиятда, якшанба кечқурун – душанба тунида асосий ижрочилар иштирокида яна бир кескин бурилиш содир бўлди.

18.11.2019. Соат 04:57. Kun.Uz нашри ўз ходимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасида мулоқот бўлгани, “мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топгани, томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келгани” ҳақида хабар бериб, жамоатчиликка шундай чақириқ билан чиқди: “Ҳамкасблар, бошқа нашрларнинг журналистлари ва блогерларга шундай паллада фаол қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Шу билан биргаликда, улардан бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йўлида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз”.

Айни шу дақиқадан бошлаб кечагина Kun.Uz’ни тўлиқ қўллаб-қувватлаб келган Интернет жамоатчилиги энди иккига бўлиниб кетди: кимдир Kun.Uz’нинг вазиятини тушунган бўлди – уларнинг нақадар қийин шароитда бу қарорга келганини, майдонда яккаланиб қолганини, Ўзбекистонда журналистика билан шуғулланиш учун ўз ҳаётидан воз кечиш кераклигини айтди; яна бир гуруҳ эса Kun.Uz раҳбарларини нотўғри муросага борганликда, сотилганликда, журналистикани бизнес манфаатлари йўлида қурбон қилганликда, кўпчиликнинг ишончини суиистеъмол қилганликда айблади.

Соат 05:22. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қилган таҳдидини қоралашини ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилди: “Америка Қўшма Штатлари сўз ва изоҳ эркинлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва эркин жамиятда бу нарсалар катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Биз журналист ва блогерларга қилинаётган таҳдидларни қоралаймиз”.

Соат 07:29. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дизер айни воқеага ўз муносабатини билдирди: "Мен Ўзбекистондаги Kun.uz хабар агентлиги журналистларининг юқори мартабали мулозим томонидан таҳдид этилгани ҳақидаги хабарлардан ташвишдаман. Бош прокуратуранинг ҳодисага тезкор муносабатини олқишлайман ва уларнинг ҳар томонлама текширув ўтказишлари, журналистларнинг хавфсизлиги таъминланишига умид қиламан".

Соат 12:03. АОКА раҳбари Комил Алламжонов баёнот билан чиқиб, “икки томон ўзаро ярашиб олгани, энди вазиятни бўрттирмаслик кераклиги”ни айтди.

Соат 14:48. Kun.Uz нашрининг энг фаол журналистларидан бўлган Зафарбек Солижонов сўнгги воқеалар манзарасида сайтдан ишдан кетганини эълон қилиб, шаҳар ҳокимига: “Жаҳонгир ака Ортиқхўжаевга эса ўша гапни яна қайтараман. Мен итнинг боласи эмасман ва "последняя тварь" ҳам эмасман. Мен журналистлик билан шуғулланган юристман. Шунчаки, бу давлатда қонун ишлашини хоҳлагандим холос. Ғурурим эса отамдан мерос. У ҳаммасидан устун. Уни топташга ҳаққингиз йўқ. Лекин бир нарсани тушунинг. Бу жангда ҳеч ким ютмади. Айниқса сиз”, дея хитоб қилди.

Соат 15:19. Kun.Uz’нинг яна бир фаол журналисти Баҳодир Аҳмедов ҳам ишдан кетганини билдирди: “Бугун биз ютқазмадик. Бугун энди уйғонаётган сўз эркинлиги, матбуот ютқазди. Жаҳонгир ака, сизга айтаман, ўшанда ҳам қарши борганман – мен итнинг боласимасман, “последняя тварь” ҳам эмасман. Сиз ютганингизни эмас, давлат имиджига путур етказганингизни ўйланг. Мен ризқимни топишимга ишонаман! Сизлардан илтимос, журналистларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмаган, кучсиз матбуот даврида Kun.uz'ни айбламанг!”

Соат 18:21. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди бўйича ўз хавотирларини билдирди: “Афсуски, мен ҳали Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашмаганман. Мен унинг охирги изоҳларидан хавотирдаман. Журналистларнинг хавфсизлиги – Оммавий ахборот воситалари эркинлигининг асосий принципларидан биридир. Бирлашган Қироллик доимо эркин ОАВ ва журналистларни ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлайди. Биз (ҳоким билан) кўришганимизда бу масалани муҳокама қилишни кутиб қоламан”, деди у.

Соат 21:00. Би-Би-Си Ўзбек хизмати Kun.Uz ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев “келишуви” босим остида бўлгани ҳақида маълумот берди: “17 ноябр куни Kun.Uz нашри ходимларини ҳузурига чақирган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларга босим ўтказгани айтилмоқда. Пойтахт ҳокими Kun.Uz бош муҳарририга эрталабгача “Вазият ҳал бўлди”, деган мақола чиқариш кераклигини айтган. Йиғилишда иштирок этган Би-би-си манбасининг айтишича, ҳоким Ортиқхўжаев йиғилганларга "Президент менга ишдан бўшатмаслигини айтди", деган. Тошкент шаҳар ҳокими аудиода акс этган таҳдидлар контекстдан узиб олинганини билдирган. "Тўлиқ версия қўйилса бошқа картина пайдо бўлади", деган у. Ортиқхўжаев таҳдид ва ҳақоратлари учун журналистлардан узр сўрамаган, аксинча вазият учун журналистларнинг ўзини айблаган. "Кўчага чиқсам мени ҳамма танийди, келиб расмга тушади", дея Тошкент шаҳар ҳокими ўзининг обрўсига ишора қилган”.

19.11.2019. Соат 05:59. Kun.Uz нашри муҳаррирларидан Шуҳрат Шокиржонов Фейсбукдаги саҳифасида Kun.Uz ва Ортиқхўжаев можароси борасида баъзи тафсилотларни очиқлаб, ижтимоий тармоқдаги айрим мулоҳазаларга муносабат билдирди:

“Тажовуз тасвири эълон қилингач, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев Kun.Uz мухбирларини муросага келтириш учун чақирган. Мухбирларга яхши гапириб, “Келишиб олинглар, тушунмовчилик бўлибди”, деб “замҳоким”дан кечирим сўранглар, деган. Ҳокимнинг истагига кўра, журналистлар “замҳоким”дан етказилган ноқулайлик учун кечирим сўрашлари керак бўлган. Бу кечирим сўраш маросими видеотасвирга олиниб, шаҳар ҳокимлиги каналида эълон қилиниши мўлжалланган.

Журналистлар буни рад этгач, шаҳар ҳокими келиб, ҳаммага маълуму машҳур таҳдидларини баён қилган. Тўғри, охирида “Лекин мен бу ишларни қилмайман, мен бунақа паст одаммасман”, ҳам деган. Тарқалган “запис”да бу жойи кесиб ташланган. Охирида “Келишиб, бир биримизга ёрдам бериб ишлайлик”, деган.

Журналистлар рози бўлмагач, улар кетганидан сўнг А.Ваҳобов тайёр турган камералар қаршисида ҳокимлик матбуот хизматига ўша машҳур 1 гектар ер ва кўп миқдордаги пора ҳақидаги туҳматини айтиб, интервюсини берган. Ўша интервьюда 100 минг долларни эса қурувчи хайрия қилганини айтиб ўтган. Қурувчи пулини олдими-йўқми буёғидан бехабар ҳам қолдик. (Агар ҳали унутмаган бўлсангиз, юқорида ишора қилганимиздек бу воқеага бошқа томондан назар соляпмиз.)

Туҳмат борасида прокуратурага мурожаат қилинганида “Жиноят аломатлари йўқ”, деган тамға билан икки марта иш ёпилди.

Энди виждонан айтинг: қандайдир “замҳокимча”га қонуний чора кўролмаган прокуратура органлари Ўзбекистоннинг №3-рақамли амалдори Тошкент шаҳар ҳокимига чора кўра олармиди?

Тошкент шаҳар ҳокими билан шу инцедент бўйича муроса қилинди. Лекин ич-ичимиздан барибир бунақа ҳолларга муросасизмиз. Чунки ҳокимда қилган ишидан заррача пушаймонлик туйғуси йўқ, узр сўрашнику ўзига мутлақо эп кўрмади. Аллоҳнинг ўзи суробини тўғриламаса, бандаларининг кучи етмаскан”.

Соат 13:33. Ҳозирча сўнгги шов-шув – Kun.Uz нашри ўша, 15 август куни шаҳар ҳокимияти биносида бўлган таҳдид ва ҳақоратларнинг тўлиқ шакли ва матнини эълон қилди. Уни эшитиб, ёки стенограммасини ўқиб чиққан одамда “Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам даъволарида бир қадар ҳақ экан-ку”, деган фикр уйғониши мумкин.

Kun.Uz сайтининг асосчиси, журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев аудионинг тўлиқ шаклига шундай муносабат билдирди: “Сиёсий технологиялар шунақа қўрқинчли нарса – олти секундда бир одамни “гейга айлантириш” ҳам, олти секундда 14,34 минутлик аудиони усталик билан 94 секундлик “бомба”га айлантириб, бир одамни ОАВнинг энг катта душмани қилиб кўрсатиш ҳам мумкин (бу одам ўзи аввалдан ОАВ билан унчалик ҳам келишмай келгани алоҳида масала)”.

Kun.Uz аудионинг тўлиғини эълон қилгач, охирида ўз муносабатини ҳам келтириб ўтди:

“Шу ўринда ижтимоий тармоқда Kun.uz жамоасини мазкур мавзуни ёпиш қарори учун танқид қилаётганлардан бу қарорни тўғри тушунишни сўраймиз.

Тўлиқ аудиодан кейин ҳам шаҳар ҳокими томонидан мухбирларга тазйиқ ва таҳдид мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, сайт таҳририятининг шаҳар ҳокимида хусумати йўқ. Лекин адолат таъминланиши учун тегишли органлар ушбу фактга эътибор қаратиши ва муносабат билдиришини кутиб қоламиз”.

Умид ўлмайди

Можаронинг ҳозиргача бўлган тарихи қисқача шундай. Sof.Uz бир ахборот нашри сифатида Ўзбекистонда фундаментал ҳақлардан бўлган сўз эркинлиги тўлиқ таъминланиши, журналист, блогер ва умуман мамлакатнинг барча фуқароларига касбий фаолияти, эркин сўзи туфайли босим ўтказилмаслигини истайди. Зеро, ҳар қандай тараққиёт эркинликдан бошланади.